Ўзбекистон | 12:36 / 25.01.2023
20780
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотлари ўз фаолиятини яхшилаш бўйича 16 та йўналишда президентга таклифлар киритади

Бу таклифлар бюджет пулларини ҳавога совурмаслик, шаффофликни ошириш, коррупция омилларини йўқотиш, давлат функцияларини бизнесга бериш, тизимли муаммоларни ҳал этиш кабиларга қаратилган бўлиши керак.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистондаги барча вазирлик ва идоралар ўз фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштириш мақсадида 16та йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган президент ҳужжати лойиҳасини администрацияга киритади.

25 январда имзоланган фармонга кўра, ҳужжатлар лойиҳаларида жумладан қуйидаги масалалар бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланади:

  • соҳаларда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ечим топишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш;
  • бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш;
  • тегишли соҳаларда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий қилиш, 2023 йилдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш (уларга хизмат кўрсатиш, давлат томонидан субсидия тақдим этиш, имтиёз бериш ва бошқача тартибда қўллаб-қувватлаш) ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
  • вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига “ташхис қўйиш” ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш;
  • соҳага АКТни кенг жорий этиш, шу жумладан вазирлик ва идораларнинг иш жараёнини рақамлаштириш;
  • энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш ва соҳага қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид