Ўзбекистон | 10:17 / 25.01.2023
8356
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда когенераторлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Norma.uz

Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Хусусан, пойтахтнинг иссиқлик тармоқларининг сўнгги қисмларида жойлашган 11 та туманида параллел равишда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун когенерация ускуналари ҳамда газ двигатели ўрнатилади.

Шу тариқа, пойтахтнинг 11 та маҳалласида 236 та кўп квартирали уй, 5 та мактаб ва 13 та болалар боғчасини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади.

Энергетика вазирлигига Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали бир ҳафта муддатда ускуналарни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан алоқа ўрнатиб, тайёр ускуналарни етказиб бериш ҳамда ўрнатиш, шу жумладан, техник таъминлаш бўйича тижорат таклифларини киритиш топширилди.

Истисно тариқасида, “Иссиқлик электр станциялари” АЖга экспертизадан ўтказмасдан: ускуналарни харид қилишга; ускуналарни ўрнатиш ва ишга тушириш ҳамда иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун пудратчиларни аниқлашга рухсат берилди.
 
Ускуналарни харид қилиш ишлари Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Иссиқлик ва электр энергияси кўп квартирали уйлардаги истеъмолчиларга амалдаги тарифлар асосида етказиб берилади.

Мавзуга оид