Иқтисодиёт | 13:45 / 27.01.2023
59217
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда нархлар ошишига қайси омиллар таъсир кўрсатиши мумкин? – МБ раиси изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ошиб бораётгани, базавий инфляция даражасининг юқорилиги, бюджет тақчиллигининг 4 фоиз даражасида шаклланиши каби омиллар инфляция ўсишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

26 январь куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 2023 йилда нархлар ошишига таъсир қилувчи асосий инфляцион хатарларни санаб ўтди.

“Марказий банкнинг асосий қиладиган иши – инфляцион хатарларни ўрганиш. Жорий йилда инфляцияга таъсир қилувчи қандай хатарлар кутилмоқда?

Биринчидан, асосий хатарлардан бири аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ошиб бораётгани билан боғлиқ.

Иккинчидан, базавий инфляция даражасининг юқори кўрсаткичларда шаклланаётгани. Учинчидан, бюджет тақчиллигининг 4 фоиз даражасида шаклланиши ҳам маълум жиҳатдан инфляцион хатарларни келтириб чиқаради”.

Мамаризо Нурмуродовнинг қўшимча қилишича, таклиф билан боғлиқ бўлган инфляцион хатарлар ҳам бор.

“Бугунги кунда метан газининг узиб қўйилганлиги бензинга нисбатан тақчилликни вужудга келтирди. Марказий банк метан заправкалари очиладиган бўлса, маҳсулот нархининг ошиши мумкинлигини хатар сифатида кўрмоқда.

Шунингдек, аномал совуқ мева-сабзавот ҳосилдорлигига салбий таъсир қилиши мумкин . Бу нарса нархларга оширувчи босим кўрсатади. Асосий савдо ҳамкорларимиз томонидан экспортга протекционизм чекловларининг киритилиши ҳам нархлар қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, қурилиш материаллари нархининг ошиши. Ҳозирги табиий газ узилишлари қурилиш материаллари таклифида танқислик келтириб чиқариб, келгусида бу маҳсулотлар нархлари ошишига олиб келиши мумкин. Пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши ҳам инфляцияга босим ўтказувчи хатар ҳисобланади”, деди Марказий банк раиси.

Аввалроқ, 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5–5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляция 8,5–9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид