Kun.uz мухбири ҳудудларда бўлиб, метан-шохобчалар фаолиятига чеклов ортидан юзага келган шу каби ҳолатларни тасвирга олди.

Шунингдек, энг оммабоп бензин маркаси АЁҚШларга нега етиб бормаётганига боғлиқ саволлар билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Мароқанд нефт базаси” МЧЖ раҳбари билан суҳбатлашдик.

Бугун қайси АЁҚШда AИ-80 бензини сотилаётганини билиш учун унча бош қотириш шарт бўлмай қолди. Агар сиз қайси шохобчада адоқсиз машиналар ва навбатларни кўрсангиз, билингки, ўша жойда AИ-80 бор.

Самарқанд шаҳридаги “Динора” МЧЖга эндигина AИ-80 маркали бензин олиб келинганидан хабар топдик. Аллақачон юзлаб машиналар навбатда турибди. Шаҳар шифохонаси яқинидан ўтган бу кўча шундоқ ҳам тор ва таъмирталаб бўлгани учун катта тирбандлик ҳосил бўлган.

Шохобча мутасаддиларининг айтишича, 5 тоннадан ортиқроқ AИ-80 маркали бензин олиб келинган ва қисқа вақт ичида 2 тоннадан ортиғи сотиб бўлинган. Бу миқдордаги бензин кўпи билан уч соатда сотилиб кетаётганини айтишди. Бир мижозга кўпи билан 20 литр бензин сотиляпти. Метанга чекловлар қўйилмасидан олдин 5 тонна бензин сотилиши учун бир ҳафтагача вақт керак бўлган.

Навбатда турган ҳайдовчиларни суҳбатга тортдик. Табиийки, бу жараёнлар, узлуксиз навбатда туриш мижозларни зада қилиб қўйган.

“Бир неча соат давомида кутиб, эндигина навбатим келганда AИ-80 тугаб қолди. Мажбур бўлиб қарийб икки баробар қиммат бўлган АИ-92 сотиб олдим, одамга жуда алам қиларкан”, – дейди ҳайдовчилардан бири.

“Шу пайтгача метан газда юрганман. Таксичилик қиламан. Деярли ҳар куни соатлаб навбатда туряпман, кўпинча мажбур бўлиб қиммат нархдаги бензинни олишга тўғри келяпти. Одамлар ҳам тушуняпти, ёнилғини қийинчилик билан олаётганимиз учун машинамизга ўтирган мижозлар нархга талашмай ҳам қолди”, – дейди бошқа бир ҳайдовчи.

Кўпчилик АЁҚШларда 20 литрдан ортиқ бензин сотилмаётганидан норози бўлмоқда. Шохобча эгалари эса ёнилғини кўпчиликка етказиш учун шу йўлдан фойдаланилаётганини билдиришди.