Йилига ярим миллион одамнинг юрак-қон томир касалликлари оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмишига айнан шундай зарарли ингредиентлар сабаб бўлмоқда. Бу ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари маълум қилди.
2018 йилда ташкилот экспертлари 2023 йилгача таркибида трансёғлари бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш бўйича глобал чақириқ билан чиққанди. Бироқ бу мақсадга 5 йил ичида эришилмади.
Хўш, ўзи трансёғ нима, у нимаси билан хавфли? Нега ундан воз кечишимиз керак?
Трансёғ нима?
Трансёғларнинг иккита асосий манбайи бор: табиий манбалар (сигир ва қўй каби кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг сут маҳсулотлари ва гўштида) ва саноатда ишлаб чиқарилган манбалар (қисман водородланган ёғлар).
Қисман водородланган ёғлар биринчи марта XX асрнинг бошларида сариёғ алмашинуви сифатида озиқ-овқат таъминотига киритилган. 1950-1970 йилларда тўйинган ёғли кислоталарнинг соғлиққа салбий таъсири аниқланди.
“Табиий” трансёғлар саноат ёғлари каби зарарли. Шунинг учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1-1,5 фоиз ёғли сут маҳсулотларини танлашни ва ёғсиз гўшт истеъмол қилишни тавсия қилади.
Қисман водородланган ёғлар биринчи навбатда қовуриш учун ва пиширилган маҳсулотларнинг таркибий қисми сифатида ишлатилади.
Унинг зарари нимада?
Трансёғларнинг хавфлилиги бўйича биринчи тадқиқотлар 1994 йилда пайдо бўлган, гарчи улар XIX аср охиридан бери маҳсулотларда мавжуд бўлса ҳам. Олимлар трансёғларни истеъмол қилиш натижасида қонда холестерин миқдори кўтарилиб, бир қатор касалликларнинг ривожланишига олиб келишини аниқладилар.
Тиббиёт ҳамжамияти трансёғларни юрак касалликлари, диабет, алцгеймер, семириш, жигар касалликлари ва ҳатто депрессия билан боғлайди.
ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, саноат трансёғларини истеъмол қилиш ҳар йили дунёда юрак-қон томир касалликларидан 500 мингга яқин ўлимга олиб келади, ўлим хавфини 34 фоизга оширади. Улардан ҳар куни олинадиган ҳар бир қўшимча 1 фоиз энергия юрак-қон томир касалликлари оқибатида келиб чиқадиган ўлимни 12 фоизга оширади.














