Ўзбекистон | 09:32 / 27.01.2023
4538
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Самарқандда Пабло Пикассо асарлари кўргазмаси ташкил этилиши кутиляпти

Ўзбекистон элчихонасида Испаниянинг Hermitage Group сайёҳлик компанияси асосчиси ва бош директори Висенте Касейро билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Висенте Касейро мамлакат бўйлаб сафарлари чоғида туризм соҳасида амалга оширилаётган жараёнларга ҳамда хорижий сайёҳлар учун яратилган шароитларга гувоҳ бўлганини маълум қилар экан, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш истаги борлигини айтди. Ўтган йил ноябрь ойида ташкил этилган “Халқаро туризм ҳафталиги”да иштирок этгани ва ушбу тадбир доирасида Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Б.Ибрагимов, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори К.Оқилова ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини қайд этди.

Фото: Дунё АА

Бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда испаниялик буюк рассом Пабло Пикассо қаламига мансуб ижод намуналари кўргазмасини жорий йил Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Hermitage Group компанияси туризм ва меҳмонхона бизнесидаги PR ва маркетинг йўналишида кўп йиллик тажрибага эга. Компаниянинг асосий вазифалари туризм маҳсулотларини, сайёҳлик йўналишлари, меҳмонхоналар, авиаташувчилар, вилоятлар, шаҳарлар ва сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишдан иборат. Бугунги кунда компания ўз хизматларини Европа ва МДҲ мамлакатлари бозорларида тақдим этмоқда.

Мавзуга оид