29 январга ўтар кечаси Эроннинг Исфаҳон шаҳрида мамлакат мудофаа вазирлигига тегишли заводга учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужум қилинди.
Эрон мудофаа вазирлиги «ўз ҳарбий ишлаб чиқариш комплексига мини-дронлар ёрдамида муваффавиятсиз ҳужум уюштирилгани», битта қурилма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилиб, бошқалари «мудофаа тузоғига тушгани»ни маълум қилди. Эрон мудофаа вазирлиги уриб туширилган ва тузоққа тушган дронлар кимга тегишли эканига ойдинлик киритмаган. Вазирлик маълумотига кўра, зарба оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган, фақат битта омборнинг томи зарар кўрган.
Исроилдагилар қувонишмоқда
Араб нашрлари бу зарба Исроил томонидан амалга оширилгани ҳақида ёзганди. Бу факт исботлангани йўқ, аммо Исроилда бўлиб ўтган воқеадан хурсанд бўлишаётгани бор гап. Исроилнинг The Jerusalem Post нашри Ғарб разведка ташкилотларидаги манбаларига таяниб ёзишича, Исфаҳондаги дронлар ҳужуми «ўта муваффақиятли чиққан» ва Эрон томони айтганидек фақат омборнинг томи зарар кўрмаган. Аммо Исроил нашри ҳам дронлар ҳужуми ортидан қайси давлат турганини ёзмаган.
Shahed заводи ўша шаҳарда
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўқ-дори ишлаб чиқариладиган заводга дронлар ҳужуми амалга оширилган. Эрон мудофаа вазирлиги бу заводда айнан нима ишлаб чиқарилганига аниқлик киритмаган, аммо Британиянинг Мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) Исфаҳонга яқин жойда Shahed Aviation Industries ишлаб чиқариш корхонаси борлигини маълум қилган. Завод Эроннинг Shahed 131/136 камикадзе-дронларини ишлаб чиқаришга алоқадор. Бу дронлардан Россия Украинага қарши урушда фаол фойдаланиб келмоқда.
Эрон телеканалларига кўра, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жанговар шайлик ҳолатига келтирилган.
Бошқа жойларда ҳам портлашлар кузатилди
Якшанбага ўтар кечаси фақат Исфаҳондаги ҳарбий заводда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам портлашлар кузатилган. Iran International ва BBC нашрлари ўз манбаларига таяниб ёзишича, Теҳрон, Дизфул ва Ришт шаҳарларида ҳам портлашлар қайд этилган. Шунингдек, Ҳамадон авиабазасида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога сиреналари чалинган.
Tasnim агентлиги Эроннинг Шарқий Озарбойжон вилоятида жойлашган Шаҳид-Салими шаҳридаги мотор мойини қайта ишлаш заводида ҳам ёнғин бўлгани ҳақида ёзди. Бу шаҳар Ғарбий Озарбойжон вилояти билан чегарадош. Кеча бу ерда 5,9 балли зилзила содир бўлиб, 3 киши ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ киши жабрланганди.
















