“Ўзгидромет” маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача ва кечалари +3 даражагача кўтарилади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 2-7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши – қор ва музлар эришини тезлатиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимолини янада кучайтиради.

Йиғилишда мавжуд ҳолат ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиниб, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилди.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги 426-сон қарорига асосан Тошқинга қарши ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар тузилган ва уларнинг асосий вазифалари белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасида ўтган йиғилиш баёни билан ушбу комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларига бириктирилди.