Kun.uz мухбири дунёда юзага келган бугунги геосиёсий вазият ва ундан Марказий Осиё давлатлари қандай хулосалар қилиши кераклиги борасида сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан интервю ўтказди.

Kun.uz:

— Бугун интервюмизда эътибор қаратиладиган асосий масала Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари, унинг бугуни ва келажаги масаласи. Лекин ундан аввал мана шу муносабатларга бевосита боғлиқ бўлган — Россия-Украина уруши ҳақида.

Қатор экспертлар фикрича, Россия аста-секин, лекин ишонч билан Украинага қарши урушда мағлуб бўлмоқда. Таҳлилчи сифатида ғарб экспертлари таҳлиллари қанчалик асосга эга деб ҳисоблайсиз?

Фарҳод Толипов:

— Ҳа, бундай таҳлилларда асос бор. Фақатгина расмийлар ёки экспертлар айтгани учун эмас. Шахсан мен учун бу уруш бошланишидаёқ Россия мағлубияти билан тугаши аён эди. Уруш бошлангач, дунё ҳамжамиятининг муносабатини кўриб, улар бунга кўз юммайди, деган хулосага келдим. БМТда Россия аргессияси бўйича савол қўйилганда, маълум бўлдики, ҳамжамиятнинг аксарияти Россияни қоралайди. Мана шу ҳолатларнинг ўзи ҳам жиддий далил бўляптики, халқаро ҳамжамият тўхтамайди, Россия аргессиясига қарши чора кўришда давом этади. Кейинги воқеалар ривожи мана шу фикрни тасдиқлади. Ғарб давлатлари Украинага танклар етказиб беряпти. Натижада Украина ҳужум позициясига ўтиши ҳам мумкин. Бунгача Ғарб ўзини тийиб турган эди, яъни уруш Россия ҳудудига ўтиб кетмаслиги учун. Лекин Россия тарафи расмийлар даражасида ҳам, пропаганда даражасида ҳам баёнотларини кескинлаштириб боряпти. Путин баёнотида урушнинг узоқ муддатга чўзилиши мумкинлиги хақида гапирди. Бу билан дунё ҳамжамиятига қандай бўлмасин мақсадга эришмоқчи эканини айтди. Масалан, Россиянинг собиқ президенти Медведев ядровий уруш билан таҳдид қилди. Пропагандачи Соловёв эса Украинага танк бергани учун энди Германия ҳам бизнинг нишонга айланди каби кескин фикларни билдиряпти. Яъни Россия томонида урушни тугатиш нияти йўқ. Бу ҳолатда Ғарб ҳам шунга яраша чора кўришдан бошқа йўл топмаяпти, менимча. Ҳа, у ҳозирча артиллерия ва танклар билан чекланяпти. Россиянинг урушни тўхтатиш нияти йўқ, Ғарб ва Украина эса шу йилдаёқ тўхтатиш ниятида.

Камолиддин Раббимов: