Ғарбда бу масалада ҳозирча якдиллик йўқ: душанба куни АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермоқчи эмаслигини айтди, Германия канцлери Олаф Шолц эса дам олиш кунларида бу мавзудаги гаплар жиддий эмаслигини билдирганди.
Журналистларнинг Варшава Украинага F-16 қирувчиларини юбориши эҳтимоли қанчалик экани ҳақидаги саволига жавобан Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Полша бу масалада иттифоқчилар билан келишган ҳолда ҳаракатланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Варшава Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича барча ҳаракатларини НАТО бўйича ҳамкорлар – хусусан, АҚШ билан мувофиқлаштиради. Украинага Patriot зенит-ракета мажмуаларини топшириш ва Украина армияси учун Leorard танкларини бериш бўйича халқаро коалиция тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ҳам шундай бўлган.
«Бир неча ой олдин МиГ-29 самолётлари билан бўлгани каби бошқа ҳар қандай ҳаво ёрдами НАТОнинг бошқа давлатлари билан мувофиқлаштирилади, амалга оширилади ва эҳтимол, жўнатилади. Биз бу масалада барчасини мувофиқлаштирган ҳолда ҳаракатланамиз», дея Моравецкийнинг сўзларини келтирган «Укринформ» агентлиги.
Украина президенти офиси раҳбари Полшанинг бу позициясини ижобий сигнал деб атаган. «F-16 қирувчиларини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Полшадан ижобий сигналлар бор, улар НАТО билан келишган ҳолда самолётларини бизга беришга тайёр», дея ёзган Ермак телеграм-каналида.
Украинага ҳарбий авиация етказиб бериш масаласида душанба куни Франция президенти ҳам изоҳ берган. Нидерландия бош вазири билан қўшма матбуот анжуманида Макрон шундай деган: «Принципиал жиҳатдан ҳеч нарса истисно қилинмайди». Шу билан бир вақтда, Франция мудофаа вазири ёрдамчиси Сабастьян Лекорн Politico нашрига берган интервюсида, Париж Киевнинг украиналик учувчиларни французларнинг қирувчи самолётларида учишга ўргатиш бўйича сўровини кўриб чиқаётганини айтди.
Украина президенти Володимир Зеленский, ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳамда мудофаа вазири Олексий Резников танклар етказиб бериш масаласи ҳал бўлганидан кейин, Ғарб давлатларининг қирувчи самолётлари – Украинанинг асосий мақсади экани ҳақида гапиришди.
Киев совет давридан қолган авиациясини янгилаш учун замонавий қирувчи самолётлар – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 ёки F-15 қирувчилари ёки уларнинг Европадаги муқобиллари – немисларнинг Tornado ёки шведларнинг Gripen русумли самолётларини олишни кўзлаган.
Ким қарши?
Германия канцлери Олаф Шолц Der Tagesspiegel нашрида якшанба куни эълон қилинган интервюсида ўзининг асосий вазифаси «Россиянинг Украинага қарши уруши Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланиб кетмаслиги учун барча ишни қилиш» эканини айтган. У Украинани замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш масаласида «планкани кўтариш» ва рақобатга киришиш нотўғри бўлишини айтиб, Киевнинг қирувчи самолётлар етказиб бериш талабини эслаб ўтган.


















