Муддатидан олдин туғилган болаларни парваришлаш осон кечмайди. Бундай вазиятда шифокорлар ва ота-оналар бор имкониятларини ишга солиб, боланинг яшаб кетиши учун курашишади. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги перинатал марказида бўлиб, муддатидан олдин туғилган болалар оналари ва уларни парваришлаган шифокорлар билан суҳбатлашди.
Жуда кам вазнли чақалоқларни сақлаб қолиш махсус реанимация ўринлари, иссиқ сақлайдиган инкубатор, иситкич столлари, нафас олиш учун ёрдам берадиган аппаратлар, замонавий неонатал жиҳозларини талаб этади. Бу бўйича Тошкент шаҳар перинатал марказида маълум тажриба тўпланган.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда йилига туғилган чақалоқларнинг 5 фоизи муддатидан олдин туғилади. Уларнинг 0,2-0,3 фоизини жуда кам вазнли чақалоқлар ташкил қилади. Бугунги кунда 500 граммдан 1000 граммгача бўлган заиф чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 3 баробар ошган.
“Бундай чақалоқлар туғилганда ҳаёти хавф остида бўлади. Уларни парвариш қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш осон иш эмас. Жуда кўп муолажалар қилинади. Ютуқларимиздан бири шуки, кам вазнли чақалоқлар учун ҳар бир вилоятда ҳудудий перинатал марказлар ташкил этилган. Улар заиф туғилган чақалоқларни қабул қилади ва парваришлайди”, – дейди Тошкент шаҳар перинатал марказининг неонатал хизмати бўйича директор ўринбосари Малика Усмонова.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ошса, бўйи 25 смдан ортиқ бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади. Кам вазн билан туғилганлик учта даражага бўлинади:
– кам вазнли – 2500-1500 грамм;
– ўрта кам вазнли – 1499-1000 грамм;
– жуда кам вазнли – 999-500 грамм.
Аммо 500 граммга ҳам етмай, Тошкент шаҳар перинатал марказида туғилган қизалоқ яшаб кетган. Бу ҳақда қизнинг онаси гапириб берди.
“













