Россия қўшинлари Донецк областида икки йўналишда – област марказидан шимолдаги Бахмутга ва жануби-ғарбдаги Вуҳледарга ҳужумларни кучайтирган. Бахмут атрофида улар Украина мудофаасининг чап қанотини бироз ортга суришга муваффақ бўлган. Вуҳледар (Угледар) атрофида эса уларнинг муваффақияти анча камтарроқ кўринади, аммо фронтнинг бу участкасида ҳужумлар тобора кучайиб бормоқда. BBC Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги вазиятни таҳлил қилди.

Вуҳледар ҳудудидаги вазият

Британия ҳарбий разведкаси ёзишича, Россия бўлинмалари Вуҳледар ҳудудидаги разведка ҳужумларини мувофиқлаштирилган юришга айлантирди. Тинч океани флотининг 155-денгиз пиёдалари бригадаси бўлинмалари фронт чизиғини Кашлагач дарёсидан бир неча юз метр ичкари суришга муваффақ бўлишган.

«ДХР» ҳукумати вакилларига кўра, Россия қўшини ушбу шаҳарга кира бошлаган ва унинг чеккаларида мустаҳкам ўрнашган.

Россия қўшини Павловкани эгаллаш учун катта йўқотишлар берди. Бу қишлоқ уларга нега керак?

Вуҳледар учун жанглар 2022 йил ноябрида бошланганди – ўшанда Россия жангга бошқа бўлинмалар билан кучайтирилган 155- ва 40-денгиз пиёдалари бригадаларини жангга ташлаганди. Бир неча уринишлардан кейин бу бригадалар Вуҳледардан жануброқда жойлашган Павловка посёлкасини эгаллашганди, Россия мудофаа вазирлиги ушбу аҳоли яшаш манзили эгаллангани ҳақида икки марта – 11 ва 20 ноябр кунларида ҳисобот берган, 3 декабр куни эса - бу посёлка Россия артиллерияси  томонидан ўққа тутилгани хабар қилинди.

Шунингдек, Россия қисмлари ушбу посёлкани штурм қилиш чоғида, кейин уни назоратда сақлаб туриш учун жангларда улкан йўқотишларга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўшанда Вуҳледарни эгаллашнинг имкони бўлмаган - икки томондаги ҳарбий мухбирларнинг қайд этишича, бу аҳоли яшаш манзили тепаликда жойлашган, шу туфайли унга яқинлашиш ва кўтарилиш осон эмасди.

Россия расмийлари Украинадаги «катта йўқотишлар» ҳақидаги хабарларни текширмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?