Исроил собиқ бош вазири: Буча Россия ва Украина ўртасида сулҳни йўққа чиқарди
Украина президенти воситачилик қилишини сўраган Исроил собиқ бош вазири Беннетга кўра, Москва ва Киев жиддий ён беришга тайёр эди. Аммо Бучадаги қирғиндан кейин музокаралар ўз маъносини йўқотди.
Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет 5 февраль, якшанба куни истеъфога чиққанидан кейин олти ой ичида берган биринчи катта интервьюсида Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатишга уринишлари ҳақида гапирди. Собиқ сиёсатчининг сўзларига кўра, Украина президенти Володимир Зеленский унга воситачи бўлиш илтимоси билан мурожаат қилган.
Шундан сўнг Беннет Украина ва Россия давлат раҳбарлари билан бир қатор алоҳида музокаралар ўтказди, ўт очишни тўхтатиш бўйича эҳтимолий келишув лойиҳаларини тайёрлади ва топширди. Беннетт ўзининг барча ҳаракатларини Қўшма Штатлар билан мувофиқлаштирган, дея аниқлаштирди у. Шу билан бирга, Беннетнинг сўзларига кўра, 2022 йил мартида, уруш бошланганидан кўп ўтмай, Москва ва Киев можарони ҳал қилишнинг турли вариантларини, жумладан, жиддий ён беришларни кўриб чиқишга тайёр эди. Шу тариқа, 5 март куни Москвада бўлиб ўтган Россия президенти билан деярли яширин музокараларда, деди Беннет, Владимир Путин гўёки Украинани қуролсизлантириш ва «денацификацияси»ни талаб қилмасликка рози бўлган. Зеленский бунга жавобан Украинанинг НАТОга киришини рад этишга рози эди.
Исроил собиқ бош вазирининг сўзларига кўра, апрель ойида Киев яқинидаги Буча шаҳрида россиялик ҳарбийларнинг тинч аҳолини ўлдириши фактлари аниқланганидан кейин барча музокаралар ўз мазмунини йўқотди. Беннетнинг аниқлик киритишича, Бучадан олдин, баъзи Ғарб раҳбарларидан фарқли ўлароқ, сулҳ бўлиши мумкинлигига ишонган. «Имконият бор эди, лекин шундан кейин сулҳ тузишга арзиган бўлардими?» - деди Исроил ҳукуматининг собиқ раҳбари.
Беннет Путин билан учрашуви вақтида Киевнинг қулаши эҳтимоли юқори бўлганини эслади. Айтилишича, у Россия раҳбаридан Зеленскийни жисмонан йўқ қилмоқчимисиз, деб сўраган. «Йўқ, мен Зеленскийни ўлдирмайман», — дея Исроил собиқ бош вазири Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирган. Беннетнинг сўзларига кўра, шунга қарамай у суҳбатдошидан Россия Украина раҳбарини жисмонан йўқ қилишга уринмаслиги ҳақида сўз беришини сўраган ва бундай кафолат олган. Кейинроқ Беннет машинадан Зеленскийга қўнғироқ қилиб, Путиннинг сўзларини етказган.
Россия ва Украина президентларининг вакиллари ҳозирча Беннетнинг сўзларига изоҳ беришмаган. Фақат Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия президенти одатда ўз сўзида турмаслигини эслатди. «Ўтмишда Путин Қримни ишғол қилмасликка, Минск келишувларини бузмасликка, Украинага бостириб кирмасликка ваъда берган эди, лекин ҳаммасини қилди. Алданманг: у ёлғончи. Ҳар сафар ҳеч нарса қилмасликка ваъда берган, бу унинг режасининг бир қисми», — деб ёзди дипломат Twitter'да.
Украина махсус хизматлари маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Зеленскийга 12 марта суиқасднинг олди олинган.