18:52 / 07.02.2023
41388

Туркманистонда Ўзбекистонга газ етказиб бериш узилиб қолгани туфайли мансабдорлар ҳибсга олинди

Шунингдек, Туркманистон Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газни «компенсация» тариқасида етказиб бериши айтилди.

Фото: centralasia.media

Туркманистоннинг «Туркменгаз» давлат концернида 6 киши, жумладан, Моддий-техника ресурслари ва асбоб-ускуналар бошқармаси раҳбари Шуҳрат Аждаров ва «Туркменгазақдириш» уюшмаси раҳбари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Чопанов ҳибсга олинди. Улар Туркманистондаги энг йирик «Галқиниш» газ конида юз берган авария ва Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг тўхтаб қолишида айбдор деб топилган. Бу ҳақда Turkmen.news хабар берди.

Қайд этилишича, «Туркменгаз» раҳбари Ботир Аманов ва унинг ўринбосари Отамурод Чориев ҳозирча жазодан қутулиб қолишга муваффақ бўлган.

Туркманистон бош прокуратураси ҳисоб-китобларига кўра, Галқиниш конидан Ўзбекистонга газ етказиб бериш тўхтаб қолган 6 кунда етказилган зарар миқдори 59,7 миллион долларни ташкил қилган. Бундан ташқари, Туркманистонни Хитойга газ етказиб бермагани учун ҳам жарима кутмоқда.

Галқиниш конида авария январ ойининг энг совуқ кунларида қуритиш датчиклари ишламай қолгани оқибатида юз берган эди.

Turkmen.news манбасининг хабар беришича, Ўзбекистон томони газ етказиб берилишида узилиш бўлгани учун Туркманистондан катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилган. Бироқ музокаралардан сўнг, Ўзбекистон томони етказилган зарар миқдорида суюлтирилган газ олишга рози бўлган. Туркманистон расмий матбуотида суюлтирилган газнинг бепул берилиши «қўшни давлатга дўстона ва биродарлик ёрдами» сифатида тақдим этилган.

Манбанинг қайд этишича, Туркманистон томони Ўзбекистондан бу ҳаракатларга изоҳ бермасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 12 декабр куни Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Ашхободга ташриф буюриб, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди. Сафар чоғида Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ бериш (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) бўйича келишувга эришилган ва шартнома имзоланган эди.

12 январ куни «Туркменгаз» томонидан Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди. Бунга «Галқиниш» газ конида юз берган авария сабаб бўлгани айтилди. 21 январ кунидан газ етказиб берилиши тикланган эди.

Top