Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 8 феврал куни зилзиладан энг кўп жабрланган ҳудудлардан бири бўлмиш Қаҳрамонмараш вилоятига келди.

У ташрифи давомида мамлакатда 6 феврал куни рўй берган зилзила қурбонлари сони бўйича сўнгги маълумотларни очиқлади. Унга кўра, ҳозиргача 8574 киши ҳалок бўлгани ва 49 133 киши жароҳатлангани тасдиқланган. 6444 та бино қулаган.

Туркия президенти табиий офатдан жабрланган 10 вилоятда бир йил ичида янги уйлар қуриб берилишини ваъда қилди. Эрдўған ҳукумат Анталя, Аланя ва Мерсиндаги меҳмонхоналар билан бошпанасини йўқотган фуқароларни жойлаштириш бўйича келишувга эришганини қўшимча қилди.

Президент барча жабрланувчиларга 10 минг лира (530 доллар) миқдорида ёрдам пули тўланишини маълум қилган.

  • Янгиланган маълумотларга кўра, Туркияда зилзила қурбонлари сони 9 057 нафарни ташкил этмоқда, жабрланганлар сони 52 мингдан ошган.

Сурия давлат нашрларининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 2500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Бу якуний рақамлар эмас ва ўсишда давом этади, чунки харобалар остида ҳали ҳам одамлар қолмоқда. Қишнинг совуқ кунларида эса уларни ер остидан тирик ҳолда чиқариб олиш имкониятлари янада пасаяди.

Ҳалокат ўчоқларида қарийб 100 минг қутқарувчи, жумладан кўнгиллилар ва бошқа мамлакатлардан келган минглаб мутахассислар ишламоқда.

6 феврал куни эрталаб соат 4 дан ошганда 7,8 магнитудали биринчи зилзила Туркия жануби-шарқидаги Ғозиантеп шаҳрига яқин ҳудудда содир бўлди. Куннинг иккинчи ярмида эса 7,5 магнитудали иккинчи зилзила рўй берди. Биринчи зилзила вақтида жиддий шикастланган минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жойлар иккинчи ер силкиниши чоғида қулаб тушди, сон-саноқсиз одам бошпанасиз қолди.

«Ҳозирда бу вақт билан пойга. Ҳар дақиқа, ҳар соат омон қолганларни топиш имконияти камайиб бормоқда», дея маълум қилди Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

ЖССТ вакили Аделхайд Маршангнинг сўзларига кўра, Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатида 23 миллион киши жабр кўрган бўлиши мумкин. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакили Жеймс Элдер вайроналар остида минглаб болалар ҳалок бўлгани борасида хавотир билдирди.