2014-2015 йилларда бозорларда харидор бирор товарнинг нархини сўраганида сотувчидан “Нақдми ёки пластик?” деган саволни эшитарди. Сотувчи айтадиган нарх харидорнинг шу саволга жавобидан келиб чиққан: тўлов нақд пул кўринишида бўлса арзонроқ, пластик карта орқали бўлса 10-15 фоиз қиммат. Маошини пластик картада олгани учун харидор товарни устама нарх билан харид қилишга мажбур эди.
Ўша кезларда нақд ва нақдсиз пулнинг тўлов қобилияти бир хил кучга эга бўлмаган. Қолаверса, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари тўлиқ терминал аппарати билан таъминланмагани (борлари ҳам яшириб ўтиришарди) муаммони янада чуқурлаштирган: тадбиркорда товар бор, терминал аппарати йўқ, харидорда эса пластик карта бор, нақд пул йўқ. Айни мана шу нуқта, яъни эркин савдо қила олмаслик инсонларда пластик картасидаги пулни нақдлаштириб олиш мажбуриятини юзага келтирганди. Бунинг оқибатида “қора бозорда” пластик карталарни нақдлаштириш хизматини кўрсатувчи “тадбиркорлар” кўпайиб кетди. Хизмат нархи 15, ҳатто 20 фоизгача етди: бир ой ишлаб, пешона тери билан топган маошини нақд пул кўринишига келтириб олиш учун унинг бешдан бир қисмидан воз кечиш оғир бўлган, албатта.
Айни шу жараён инсонлар тақдирига ҳам таъсир қилгани аянчли. Kun.uz мухбирининг самарқандлик суҳбатдоши, 41 ёшли эркак ўша кунларни шундай эслайди:
“2015 йил эди. Саноат корхонасида ишлайман. Маошимиз тўлиқ пластик картада берилади. Дадам бир куни оғирроқ бетоб бўлиб, шифохонага тушиб қолди. Нақд пул ҳаммада муаммо, биров бировга қарз бериб туриши қийин бўлган вазият. Дадам операция қилиниши керак, расмий ва “норасмий” тўловлар нақд пулда. Пластик картамда пул бор, аммо уни нақд қилиб бўлмаяпти. У томонга югураман, бу томонга югураман, фойдасиз. Телефон қилмаган танишим қолмади, ҳеч ким пулни нақд қилиб беролмаяпти. Охири Мирбозордан 30 фоизга шунақа иш қиладиган “тадбиркор” топилди. Рози бўлдим. Рози бўлмай иложим ҳам йўқ эди-да. Пластик картамдан 5 млн сўм ечиб олиб, қўлимга 3,5 млн сўм нақд пул берган.
Дадам айни шу сабабли операцияга бироз кечикиб кирган. Орадан кўп ўтмай эса вафот этди. Кўнглимдан агар ўшанда шу муаммо бўлмаганида дадам вақтида операция қилинар ва балки узоқроқ умр кўрармиди, деган ўй ўтади гоҳида”.
Муаммодан оддий одамлар азият чеккан ва камига муаммони ҳал қилиш учун уларнинг ўзи 15-20 фоизлик “товон” тўлаган. Бундан эса банк билан келишиб, “нақдлаштириш” схемасини тузиб олган фирибгарларнинг пичоғи мой устида бўлган.
Журналист Жамшид Ниёзов 2015 йилда ёзган блогида шундай фикрларни келтириб

















