«Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони (ПФ–21-сон, 10.02.2023 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, тадбиркорлар қуйидаги мезонлар асосида тоифаларга ажратилди:

Кичик тадбиркорлик субъектлари:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • микрофирмалар – таъсисчилари жисмоний шахслар бўлган ҳамда жами даромади йил давомида 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;
  • кичик корхоналар – жами даромади йил давомида 1 миллиарддан 10 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;

Ўрта тадбиркорлик субъектлари:

  • жами даромади йил давомида 10 миллиарддан 100 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар;

Йирик тадбиркорлик субъектлари:

  • жами даромади йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлар.

2023 йил 1 апрелдан:

  • 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади;
  • даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади;
  • давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
  • юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

2023 йил 1 майдан қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:

  • автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;
  • пахта, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиши.