«Давлат қуриши эмас, назорат қилиши керак» — 20 йилдан бери АҚШда ишлаётган ўзбекистонлик муҳандис
Сайёрадаги ичимлик суви ростдан ҳам хавф остидами? Нега бир пайтлар ўзбеклар ёзда чопон кийиб юришган? Нима қилсак яхлит жамият бўлиб ривожланамиз? Бу саволларга «Ўзбекистонлик» филми билан кўпчиликнинг ёдида қолган Асқарали Каримов жавоб берган.
У ҳозир АҚШдаги KPA Enginners компаниясида сув ресурслари ва гидрология муҳандислиги бўйича техник директор бўлиб ишлайди.
Асқарали Каримов сув ва оқова сувларни тозалаш иншоотларини гидрологик ва гидравлик моделлаштириш, баҳолаш, текшириш, лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича катта билим ва тажрибага эга. YouTube’даги «AyubRecords» лойиҳасида Каримов сайёрадаги сувнинг бугунги аҳволи, нима қилсак жамият ривожланиши мумкин, табиатни нима учун севиш кераклиги ҳақида гапирган.
«Бургутни ўлдирганда 10 йил берилади»
— 70 йилларда Америкада саноат корхоналари ривожланиб кўпая бошлагач, улардан чиққан турли чиқиндилар дарёларга ташланган. Натижада дарёлар ифлосланиши кузатилган. Шундан кейин Америка табиат, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қонунларини қабул қила бошлаган. Бундан ташқари, 60 йилларда далалардаги ҳосилларга ҳашаротларни ўлдириш учун кўп миқдорда заҳарли моддалар сепилган.
Bald eagle — Американинг тимсоли саналган бургут, уни ўлдирганлар 10 йилга қамалади — ўша сичқон билан озиқланган. Заҳарли моддалар эса бургут тухумини мўртлаштириб юборган. Натижада бургутлар қирила бошлаган. Бу нарсани Ричал Карсон ўзининг «Silent spring» китобида ёзиб, исботлаб бергандан кейин бутун Америка қонунлари ўзгарган. Шу воқеа сабаб 70 йилларда Америкада табиат ва сув муҳофазасига оид яна бир қанча қонунлар қабул қилинган. Бутун инсоният табиатни асрамасдан яшаб бўлмаслигини тушуниб бўлган. Ҳар бир қилаётган ҳаракатимиз табиатга албатта таъсир қилади.
Давлат қурмайди, назорат қилади
— Техас штатининг 83 фоиз ер майдони шахсий мулк. Давлат деган нарса йўқ. Ҳамма нарсани хусусий секторлар қуради. Давлат дегани шунақа бўлиши керак. Қоидаларни ишлаб чиқади, хусусий сектор қилаётган инфратузилма норма даражасидами ёки йўқми шуни назорат қилади. Хусусий сектор эса ўша қоидаларга амал қилиб ишини қилади.
Юқори кучланишли электр симлари устунлари ости бўм-бўш қилиб қўйилади. Икки томони ҳам тўла уй, лекин ўша электр симлари ўтган ҳудуд электр тарқатувчи ташкилотнинг мулки ҳисобланади.
Масалан, мен шу жойдан йўл ўтказишим учун ҳам улардан рухсат олишим керак. Умуман ҳамма одамларнинг ҳаракати штатни ривожлантиришга қаратилган. Лекин ҳаммаси қонунлар доирасида бўлиши керак. Шунингдек, шаҳарнинг ёзиб қўйилган қоидалари бор, инженерлик ишлари, дизайнлар ҳаммаси ўша асосида кетади.
«Шахс шаклланмаса, жамият шаклланмайди»
— Табиатга ўзимиз масъул эканимизни англамасак, шахс сифатида шаклланмасак, табиатни яхши кўрмасак, бу нарса яхшиликка олиб бормайди. Табиатни яхши кўриш — бир-биримизни яхши кўриш демакдир.
Ёшлигимизда кўчадаги итларни ур-сур, тошбўрон қилардик. Америкаликларнинг қайсидир ҳайвон билан яшашини кўриб, ажабланганмиз. Биз шунақа бошқачароқ халқмиз. Лекин бу дегани шундай яшаш керак дегани эмас-ку?! Балки, Америкага келмаганимизда табиатга нисбатан бундай қарашларни биз ҳам билмасдик.
Сигирни жуда яхши кўрардим. Оғилхонани шундай тозалардимки, шифокор тоғам кўрса, «Ётгинг келади-я бу ерда» деб ҳазиллашиб қўярди. Демоқчиманки, бизнинг менталитетда табиатни, ҳайвонларни яхши кўриш шаклланмас экан, биз шахс бўла олмаймиз. Майли, фойда келтирманг, лекин ҳеч бўлмаганда, ўша нарсаларга зарар етказманг. Раҳм-шафқат, инсонийлик билан яшанг.
Ривожланиш ҳақидаги гаплар бекор. Майли, ривожланаверсин, лекин сиз шахс сифатида нима хоҳлайсиз? Бу дунёга нега келгансиз ва кимсиз? — ана шу саволларга жавоб бўлганда, шахс ривожланади. Тўғри, ўзгаряпти. Ёшлар дунё кўряпти, дунёқараши ўсяпти — улар бошқача.
Ер юзида сув ҳажми ўзгармайди, сифати ўзгаради
— Дейлик, бир шаҳарда 100 млн метр куб сув ишлатилади. Бу нарса мавсумий ўзгариб туради: ёзда кўпроқ, қишда камроқ. Кўп сув ернинг намлигини сақлаш учун ишлатилади, чунки ерда намлик йўқолса, ер ёрилиб қолади.
Умумий ишлатиладиган сувнинг 10-12 фоизигина истеъмолга кетади. Умумий Ер юзида ҳам худди шундай. Сув ўзгармайди. Цикл айланиб тураверади. Яъни аввалбошдан қанча сув бўлса, ҳозир ҳам худди шундай, ўзгаришсиз айланиб турибди. Лекин сифати ўзгариши мумкин. Иқлим ўзгариши ҳисобига эса маълум жойдаги сув иккинчи бир жойга ўтиши мумкин, лекин ҳеч қаерга йўқолмайди.
Иқлим ўзгаришининг инфратузилмага таъсири
— Иқлим ўзгаришида яна бир нарса бор. Дейлик, 40 миллиметрли ёмғир бир соатда ёғиши ёки 24 соатда ёғиши мумкин. Лекин инфраструктура бир соатликка бардош беролмайди. Америкада ҳам айнан мана шу иқлим ўзгариши катта муаммо.
Намлик циклони айланиши йўлларнинг бузилишига сабаб бўляпти. Катта босимдаги циклон кичик йўлларга тўғри келиб қоляпти. Биз, инсонлар шу ҳолга келтирдик. Бадалини тўлаймиз, тўлаяпмиз ҳам. Табиатда ҳар бир қилинган қилмишга жазо бор. Сув босади, музлаш бўлади.
Икки йил олдин Техасда 8 кун ёпилиш бўлди, электр, газ ва сув йўқ. Саккиз кун уйда ўтирдик, ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Қамалга тушгандек бўлдик. Ҳамма жой музлаган. Тарихда биринчи бор бундай ҳол бўлиши.
Кексаликда сув ичилмайди ўзи. Қайноқ чой ичишади, холос. Нега қарилар ёзда ҳам чопон кийиб юрган деб ўйлайсиз, бу — кондиционер. Бунда ҳам сувнинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши бор, яъни одам бир терлайди ва кейин ўша тер совийди. Қайноқ чойни ҳам шунинг учун ичишади. Ота-боболаримиз айнан бу нарсани илмий жиҳатини билишмагандир, лекин шу жараённи англашган.
«Эркинлик — аёл ёки эркакка боғлиқ тушунча эмас»
— Ҳамма нарса эркинликка тақалади. Менимча, эркинлик иккита нарса: жавобгарлик ва масъулият. Ҳамма нарса эркинлик нима эканини тушуниб олишдан бошланади. Эркинлик дегани оғзингга келганини гапириш эмас, бу ўзингни жавобгар сифатида тутишдир. Кўриб турган нарсангизга масъулсиз.
Танқид қилиш ҳам шундай. Агар камчилик айтилмаса, давом этаверади. «Қўлингдан нима иш келади, нега бунча нолийсан?» дейди одамлар. Бу нолиш эмас. Балки менинг қўлимдан келадигани — шу айтишдир. Шуни ўйлаб кўриш керак. Шахс ривожланиши айни шу эркинлик нима эканини билиб олишдан бошланади. Эркинлик — аёл ёки эркакка боғлиқ тушунча эмас.
«Ўзингизни доим 20 ёшдаман деб ўйлайсиз, лекин…»
— Америкада ўқишга келганимда бир домлам одам ҳар 10 йилда иш жойини ўзгартириб туриши керак, дер эди. Яъни киши вақти-вақти билан ўзини қийнаб, янги нарсаларни ўрганишга киришиши керак. Ишимда челленж ҳис қилмаётган бўлсам, ўзимга бошқа челленж топаман. Бирхиллик одамни зериктиради. Умр қисқа ва бу катта мактаб. Ҳаммамиз ўқувчимиз, ҳар куни бир нарса ўрганамиз. Янгилик излаш керак.
Одам 45 ёшгача ҳеч нимани сезмас экан. 45 ёшдан кейин чарчашлар бошланади, лекин тан олгингиз келмайди. Хаёлингизда бир умр 20 ёшли йигит бўлиб яшайсиз. Агар 45 ёшгача моддият нуқтайи назаридан уй-жой, яхши ишга эришиб бўлмаган бўлсанг бу ерда нимадир нотўғри бўлган. Бу дегани ҳамма уй олиши керак дегани эмас. Яъни бировга оғирлигинг тушмайдиган одам бўлиш керак.
Мен ҳаётни ёш билан ўлчамайман. Бугун нима қилдим, нимани ўзгартиришим керак деган фикр билан яшайман. Илм олиш ёш билан чегараланмаган. Энг катта бойлик ҳам шу.
Мавзуга оид
18:20 / 20.06.2024
Давлат техника университетида меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқартирилади
15:52 / 11.04.2023
“700 млн сўм муаммони ҳал қилишнинг яқинига ҳам бормайди” – экспертлар пойтахт дренаж тизими ҳақида
23:16 / 10.04.2023
Ижтимоий объектларни иситиш тизимлари ДХШ асосида модернизация қилинади — президент қарори
21:40 / 10.04.2023