Молдова ТИВ РФ элчисини Россия ракетаси учиб ўтгани туфайли чақиртирди
Молдова ташқи ишлар вазири Нику Попеску Россия элчиси Олег Васнецовни Молдова ҳаво ҳудудини бузишга йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаш учун зудлик билан чақиртиришни буюрди, деб хабар берди Кишинёвдаги ТИВ вакили Даниэл Водэ.
«Россия томони Украинага қарши тажовузкор урушини давом эттирмоқда, қўшни давлатга ракета зарбалари эса мамлакатимиз фуқароларига тўғридан тўғри салбий таъсир кўрсатмоқда. Молдовага қарши нодўстона ҳаракатлар ва баёнотларни кескин қоралаймиз. Биз Россияни қўшни давлатга қарши ҳарбий агрессияни тўхтатишга чақирамиз, бу кўплаб қурбонлар ва моддий зарарга олиб келмоқда», — деб маълум қилди Водэ.
Аввалроқ Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 10 февраль куни Россиянинг иккита «Калибр» қанотли ракетаси Украина-Молдова чегарасини кесиб ўтиб, Руминия ҳаво ҳудудига киргани, кейин эса яна Украина ҳаво ҳудудига қайтганини маълум қилганди.
Кейинроқ Молдова Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво ҳудуди бузилганини тасдиқлади. Ракета Мокра (Рибница тумани, Днестрбўйи), сўнгра Косауци қишлоғи (Сорока тумани) устидан учиб ўтган. Хабар берилишича, январь ойида ракета зарбаси пайтида Молдова ҳудудига учинчи марта ракета қолдиқлари тушган.
Ўз навбатида, Руминия Мудофаа вазирлиги «Руминия ҳаво ҳудуди устидан учиб ўтиши керак бўлган Россия ракетаси ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади», деб таъкидлади.