Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркиядаги зилзилалардан сўнг вайрона бўлган уй-жойларда талончиликка алоқадор бўлган мародёрларни давлат жазолашини айтди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
«Биз фавқулодда ҳолат эълон қилдик. Бу шуни англатадики, бундан буён талончилик ёки одам ўғирлаш билан шуғулланган шахслар давлатнинг мустаҳкам қўли елкасида эканини билиши керак», деди давлат раҳбари.
Аввалроқ, Австрия армиясининг қутқарувчилари Туркиянинг зилзила зонасида вайроналарни тозалаш пайтида хавфсизлик масаласи етарлича таъминланмагани туфайли, ишни тўхтатганини эълон қилган эди. Жумладан, улар жиноий гуруҳлар томонидан уюштирилаётган отишмаларга эътибор қаратишди.
Эрдўған, шунингдек, Туркия жанубидаги юз минглаб бинолар ҳозир яшаш учун яроқсиз эканини таъкидлади ва расмийлар тез орада тиклаш жараёнини бошлашини қўшимча қилди.
9 феврал куни Эрдўған мамлакатда содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг мародёрлик бошланиб кетганини айтган эди.
11 феврал ҳолатига кўра, Туркияда кучли зилзила қурбонлари сони 21 мингга яқинлашди, 80 мингдан ортиқ одам жароҳат олди.


















