Туркияда зилзила қурбонлари сони 24 617 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа журналистларга маълум қилди.

Қўшни Сурияда эса, Al Jazeera маълумотига кўра, ҳозирча 4500 дан ортиқ кишининг жасади топилган. Al Hadath телеканали эса бу рақам 5200 дан ортиқлигини хабар қилган. 

Шу тариқа, икки мамлакатда қурбонларнинг жами сони - камида 29 100 нафардан ошган.

Ахборот агентликлари хабар беришича, шанба куни, зилзиладан кейин беш кун ўтиб Ғозиантеп вилоятида харобалар остидан беш кишидан иборат оила чиқариб олинган: ота-она, икки қиз ва бир ўғил. Оила мўъжиза туфайли эпимарказдан узоқ бўлмаган жойда қулаб тушган уй остида омон қолган.

AP агентлиги ҳам шанба куни етти ёшли қиз қутқарилгани ҳақида хабар берди, у Ҳатай вилоятида зилзиладан кейин 132 соат давомида харобалар остида қолган.

Хавф остидаги қутқарувчилар 

Айрим жойларда қутқарувчиларнинг ўзи ҳам хавф остида қолишган. Немисларнинг икки ташкилоти – Германия халқаро қидирув-қутқарув хизмати (ISAR) ҳамда Германия техник ёрдам федерал агентлиги (THW) - бошқа айрим гуруҳлар ортидан Туркия жанубидаги қутқарув амалиётларини тўхтатишган.

«Турли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида янгидан янги хабарлар келиб тушмоқда, ўқ овозлари ҳам эшитилган», - дея изоҳ берган ISAR вакили Штефан Ҳайне.

Ташкилотнинг операциялар бўйича менежери Стивен Байер Reuters агентлигига берган интервюсида шундай деган: «Кўриниб турибдики, қайғу ўз ўрнини аста-секинлик билан ғазабга бўшатиб бермоқда. Шу туфайли биз ҳозирча THW билан қўшма лагеримизда қоламиз».

ISAR ва THW баёнотида айтилишича, бу гуруҳлар туркларнинг Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) хавф ариганини билдирганидан кейингина ўз ишларини давом эттиради.

Байер шунингдек, харобалар остида ҳали омон қолганлар борлигини кўрсатувчи қандайдир белги пайдо бўлиши билан ҳар икки гуруҳ ҳам зудлик билан ёрдамга ошиқишини қўшимча қилган.

Президент Эрдўған ҳукумат талончилик ва бошқа жиноятларга алоқадор бўлганларга чоралар кўришини маълум қилди. Фото: Getty Images