2023 йил 6 феврал куни Туркияда 1939 йилдан кейинги энг кучли зилзила содир бўлди. Мамлакат жануби-шарқида ва қўшни Сурияда рўй берган ерости силкинишлари натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, ўн минглаб одам жароҳатланган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, табиий офат юз берган ҳудудида 23 миллионга яқин одам яшайди, шундан 1,4 миллиони болалар. Жуда катта миқёсдаги ҳуманитар фалокат Туркиянинг ижтимоий-сиёсий тузилишида ҳам ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Ушбу сайловлар натижасида йигирма йил давомида бу лавозимни эгаллаб келган Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳокимиятдан айрилиши мумкин. Қизиғи, Эрдўғаннинг ўзи ҳам 2000-йиллар бошида, халқнинг 1999 йилдаги зилзила ва 2001 йилги иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф эта олмаган ҳукуматдан норозилиги тўлқинида сайланган эди. Энди Туркия жамияти Эрдўған ва унинг партиясини ўтган йиллар давомида хатоларни тузатмаганликда ҳамда мамлакатни табиатнинг янги зарбасига тайёрламаганликда айблаши мумкин.

Ҳукумати бир неча йилдан бери халқаро изоляцияда бўлган Сурияда эса вазият янада мураккаброқ. Араб Республикасининг зилзиладан зарар кўрган асосий ҳудудлари Дамашқдаги ҳукумат назорати остида эмас. Шунга қарамай яқин-яқингача Башар Асадни қўл бериб кўришишга нолойиқ инсон деб ҳисоблаган баъзи давлат раҳбарлари ҳозир у билан учрашишга ҳаракат қилмоқда. Анадолу яриморолидаги тектоник платоларнинг силжиши яна қандай сиёсий силжишларга сабаб бўлади?

Эрдўған Туркияни умумий қайғу атрофида бирлашишга чақирди. Аммо мухолифат аллақачон ҳокимиятнинг нотўғри ҳисоб-китоблари ҳақида саволлар беришни бошлаган. 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаси хавф остида.

Зилзиладан кейинги дастлабки соатлардаёқ Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Туркия раҳбарияти аҳолини табиий офат мавзусини сиёсийлаштирмасликка, умумий қайғу атрофида бирлашишга чақирди.

«Умид қиламанки, биз мамлакат ва миллат сифатида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик намоён этиб, бу даҳшатли кунларни ортда қолдирамиз. Бугун 85 миллион инсон бир юрак каби бирга бўлиши керак бўлган кун», деди Эрдўған 6 феврал куни Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасида сўзлаган нутқида.

Эрдўғаннинг коалициядаги иттифоқчиси, Миллий ҳаракат партияси раҳбари Давлат Боғчали ҳам ҳозир «аҳамиятсиз сиёсий баҳсларда вақтни беҳуда ўтказадиган кун эмаслиги»ни