Жаҳон | 12:22 / 13.02.2023
10406
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазодаги ҲАМАС объектига зарба берди

Фаластиннинг ўққа тутишига жавобан Исроил ҳаво кучлари ҲАМАС нишонини бомбардимон қилди. Аввалроқ Исроил томон ракета отилганди. 

Фото: Picture Alliance

Исроил самолётлари 13 февраль, душанбага ўтар кечаси Ғазо секторидан отилган ракеталарга жавобан ҲАМАС ҳаракати ракеталар ишлаб чиқариш учун хомашё сақлаган ерости мажмуасига ҳужум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Исроил ерости мажмуасига ҳужум ўтган ҳафта охирида Ғазодан отилган ракетага жавоб бўлганини айтди. Фаластинликлар бу отишма учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. 

13 февралга ўтар кечаси Исроил жанубида ҳаво тревогаси сиреналари яна янгради. 11 февраль оқшомида Ғазо секторидан Исроилга қарата отилган ракета Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб олинди. Қурбонлар ва вайроналар ҳақида маълумотлар йўқ. Исроил армиясининг билдиришича, Ғазо секторидаги ҳукмрон ҲАМАС ушбу минтақа ҳудудидан чиқаётган барча ҳаракатлар учун жавобгардир. 

Тахминан бир ҳафта олдин Исроил самолётлари Ғазо секторига худди шундай зарбалар берган эди. Исроил ва Фаластин ҳудудларида кескинлик бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда. Бу йил тўққиз нафар исроиллик ва бир украиналик аёл ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлди. Деярли бир йил аввал ҳужумлар тўлқини бошланганидан бери Исроил армияси Ғарбий соҳилда деярли ҳар куни амалиётлар ўтказмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 40 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. 

Исроил 1967 йилда Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддус устидан ҳарбий назорат ўрнатди. Бугунги кунда у ерда 600 мингдан ортиқ яҳудий кўчманчилари истиқомат қилади. Фаластинликлар пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат яратмоқчи бўлган бу ҳудудларга даъво қилади. 

Мавзуга оид