Ўзбекистон | 16:48 / 13.02.2023
11391
3 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумида Туркистон декларацияси қабул қилинди

Декларация минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

10 феврал куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам иштирок этди.

Форум иштирокчиларига Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қутлов сўзларини йўлладилар. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутлов сўзини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Форумда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасида парламент дипломатиясининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани, айниқса, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда қардош ва ўзаро дўст халқлар парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар, ўз навбатида, парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклашини қайд этиб ўтди.

«Халқаро сиёсатдаги юқори турбулентлик шароитида ва жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисаларнинг кучайиши фонида Марказий Осиё давлатлари парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ушбу Форумнинг йўлга қўйилиши эса ана шундай ҳаётий талабларни қондириш билан бир қаторда, минтақавий ҳамкорликка сезиларли даражада суръат бағишлайди ҳамда халқларимизнинг янада яқинлашишига туртки беради. Минтақа давлатлари парламентларининг самарали мулоқоти бўйича йўлга қўйилаётган мазкур янги платформа доирасида мамлакатлар қонун чиқарувчи органлари ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада фаоллаштиришимиз керак. Шунингдек, миллий қонунчилик асосларини ўзаро уйғунлаштириш ва яқинлаштириш бўйича қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ», деб таъкидлади Сенат раиси.

Форумда умумий тарихий-маданий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда парламент аъзоларининг иштирокини янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Тадбир якунида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди.

Мавзуга оид