6 февраль куни Туркия ва Сурияда эпицентри Газиантеп яқинида бўлган 7,8 магнитудали зилзила ва ундан кейинги афтершоклар қурбонлари сони 30 мингдан ошди. Туркияда 29 605 киши қурбон бўлди, деб хабар берди Anadolu давлат агентлиги 12 февраль, якшанба куни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш агентлиги AFAD'га таяниб. Сурияда тасдиқланган қурбонлар сони 3575 кишига етди.
Айни пайтда, 11 февраль куни Туркиянинг зилзиладан энг кўп зарар кўрган Қаҳраманмараш вилоятига келган БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс қурбонлар сони «икки баравар, ҳатто ундан ҳам кўпроқ ошади» деган фикрни билдирди. Гриффитснинг фикрича, бу босқичда қандайдир баҳо бериш қийин, чунки табиий офат оқибатида ҳосил бўлган вайроналарни тозалаш керак.
Туркиянинг İHA ахборот агентлигининг 11 февраль куни хабар беришича, Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида табиий офатдан 140 соат ўтиб етти ойлик бола вайроналар остидан тирик ҳолда олиб чиқилди. Бироз олдин худди шу вилоятда икки ёшли қизча қутқариб олинганди.
Вақт ўтиши билан вайроналар остидан тирик одамни топиш имконияти камроқ бўлади. Туркия ҳукумати автотураргоҳлар, стадионлар ва спорт залларида вақтинчалик ўликхоналар ташкил этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Туркия ва Сурияда 26 миллион киши табиий офат оқибатларини бошдан кечириши мумкин, жумладан, илгари ижтимоий ҳимоясиз деб ҳисобланган беш миллионга яқин киши зарар кўради.
«Иқтисодий йўқотишларни тахмин қилиш қийин», чунки вазият ўзгариб турибди, бироқ улар 2 миллиард доллардан (1,8 миллиард евро) ошиб, 4 миллиард долларга (3,7 миллиард евро) етиши мумкин, деб таъкидлаганди Fitch Ratings.
Агентликнинг таъкидлашича, суғурта компанияларининг йўқотишлари минтақада суғурта қопламасининг паст тақсимланиши туфайли 1 миллиард доллар (930 миллион евро) даражасида бўлиши мумкин.
Таҳлилчиларга кўра, даҳшатли зилзила Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 14 май куни Туркия президенти этиб қайта сайланиш режаларини барбод қилиши хавфи бор. Натижалар унинг ҳаракатлари тезлигига боғлиқ бўлади.
«Фавқулодда вазиятга самарали жавоб бериш давлат раҳбари ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси позициясини мустаҳкамлаб, миллий бирдамлик туйғусига ҳисса қўшиши мумкин», деди Teneo халқаро консалтинг компанияси эксперти Волфанго Пикколи. «Агар зилзилага жавоб чоралари муваффақиятли бўлмаса, Эрдўған май ойида бўлиб ўтадиган сайловларда мағлуб бўлиши мумкин», деб башорат қилган Британия Foreign Policy Centre марказидан Эмре Калискан.


















