Жаҳон | 11:34 / 14.02.2023
5449
3 дақиқада ўқилади

Россияда интернетда тақиқланган тасвирларни қидириш тизими ишга туширилди

«Окулус» тизими автоматик равишда тармоқда тақиқланган контентни қидиради. Сўнгги маълумотларга кўра, президент Путинни ҳақорат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Фото: Global Look Press

13 февраль, душанба куни Россияда интернетда тақиқланган фото ва видеоконтентни автоматик назорат қилувчи тизим ишга туширилиши ҳақида маълум қилинди. Роскомнадзорга бўйсунувчи Бош радиочастота маркази маълумотларига кўра, «Окулус» тизими «экстремистик мавзулар, оммавий ноқонуний ҳодисаларга чақирувлар, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳванд моддаларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларни» автоматик равишда аниқлайди.

Нейрон тармоғини ишлаб чиқиш бўйича 57,7 миллион рубллик тендер 2021 йил сентябрида эълон қилинган эди. Тизим биринчи марта 2022 йилнинг декабрида синовдан ўтказилган, 2025 йилга қадар функционаллик кенгайтирилган ҳолда уни якунлаш режалаштирилган, деб хабар берди «Интерфакс» агентлиги Бош радиочастота марказига таяниб.

Илгари Бош радиочастота маркази ходимлари тақиқланган контентни асосан қўлда таҳлил қилиб, кунига ўртача 106 та расм ва 101 та видеони қайта ишлаган. «Окулус» кунига 200 мингдан ортиқ тасвирни таҳлил қилиш имконини беради, дея таъкидлайди дастурчилар. Бош радиочастота марказига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери «фейкларнинг мисли кўрилмаган ҳажмда ва тезликда тарқалиши кузатилди, улар реал фактларни махсус воқелик билан алмаштиришга қаратилган».

Бош радиочастота маркази томонидан тайёрланган «Окулус» тақдимотида таъкидланишича, нейротармоқ нафақат митинглар ёки ҳукуматни ағдариш чақириқлари контекстида «одамларнинг оммавий йиғилишини аниқлайди», балки «соқол ёки ниқоби бор» шахсларнинг юзларини ҳам таниб, ёшини била олади.

Беларус ҳакерлари ўтган йили Роскомнадзор тузилмаларидан бирининг ички тармоғига бузиб киришган. Сиздирилган материаллар назорат органидан цензура идорасига айланган Россия медиарегуляторининг ишига ойдинлик киритади. 

Мониторинг хизмати интернетда эълон қилинган «Владимир Путин ҳақидаги салбий фикрлар», жумладан, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва Россия президенти «соғлиғининг оғир аҳволи» мавзусидаги материалларни алоҳида ўрганади. Мутахассислар сунъий интеллектни Путинга қарши «ҳақорат»ли постларни излаш ва президентни акс эттирувчи карикатураларни аниқлаш учун ўргатмоқда. Фуқароларни кузатишни соддалаштириш учун Бош радиочастота маркази «ярим махфий» мессенжерни ишлаб чиқди, ундан бутун куч блоки ходимлари фойдаланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид