Жаҳон | 16:52 / 15.02.2023
8221
2 дақиқада ўқилади

Боррел: Киевга қурол етказиб бериш дипломатия билан бирга кечиши керак

Фото: Reuters

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел дипломатияни Украинага қурол сотиш билан биргаликда тинчликка эришишнинг яхши йўли деб билишини маълум қилди

Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан бир вақтда тинчликни тезлаштириш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак, деди Боррел Страсбургдаги Европа парламентининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида. 

Унинг фикрича, бири иккинчисига зид келмайди, аксинча, бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши керак. 

Шу билан бирга, Боррел Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдамини оширишга чақириб, Киевга танк етказиб бериш бўйича ваъда қилинган муддат кечикаётганини таъкидлади. 

Бундан олдин Европа Иттифоқи давлатларининг Украинага қўшин юбориши «кун тартибида эмас ва ҳеч қачон бўлмаган», деб маълум қилганди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Испаниянинг El Pais газетасига берган интервьюсида. 

Шу билан бирга, у Европа давлатларининг ҳарбий хизматчилари Украина ҳарбийларини, хусусан, Ғарб танклари учун махсус экипажларни тайёрлашга жалб этилганини тасдиқлади. 

«Уларнинг машғулотлари Европа Иттифоқи ҳарбий миссияси доирасида Полша ва Германиядаги ўқув лагерларида аллақачон бошланган. Бу автомобил ҳайдашни ўрганишга ўхшамайди, бу бир неча ҳафталик ўта махсус тайёргарликни талаб қилади», деб тушунтирди Европа дипломатияси раҳбари.

Мавзуга оид