Жаҳон | 10:41 / 16.02.2023
6868
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҳакерлари бутун дунё бўйлаб сайловларни «бузган»

Журналистлар консорциуми «Путинга қарши ишламайдиган» исроиллик ҳакерлар гуруҳи мавжудлигини ошкор қилди. У ўнлаб сохталаштирилган сайлов жараёнларига алоқадор.

Фото: Shutterstock

Der Spiegel, ZDF ва Die Zeit иштирокидаги халқаро журналистлар консорциуми 15 февраль, чоршанба куни бутун дунё бўйлаб сайловларни манипуляция қилишга ихтисослашган «Хорхе жамоаси» ҳакерларининг махфий гуруҳига оид текширувни эълон қилди. Der Spiegel уни «дезинформация соҳасидаги маънавий эркин ёлланма ишчилар гуруҳи» деб атайди, ўз маълумотларига кўра, улар бутун дунё бўйлаб - асосан Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Америка ва Африкада 33 та сайловда фаол иштирок этган.

Мижозлар ниқоби остидаги журналистлар «Хорхе» тахаллуси остидаги гуруҳ раҳбари – Исроил махсус хизматларининг собиқ ходими Тал Ханан билан учрашди. Учрашув ташкилотнинг Қуддус ва Тел-Авив ўртасида жойлашган Модиин-Маккабим-Реут шаҳридаги офисида бўлиб ўтди.

«Хорхе»нинг ўзи ва унинг ходимлари журналистлар учун бир нечта тақдимотлар ўтказдилар, улар давомида манипуляциянинг барча турлари - тўлдириш, сохталаштириш, туҳмат, ижтимоий тармоқларни бузиш, жанжал кўпайтириш ва ўйлаб топиш, қора пиар каби хизматлар билан таништирди. Ҳакерлар сайловда манипуляция қилганлик учун 15 миллион долларгача мукофот талаб қилмоқда.

Ҳакерлар ишида, ўз эътирофига кўра, учта қоидага амал қилишади: улар Исроил ва АҚШдан келган буйруқларни қабул қилмайди, шунингдек, «Путинга қарши» ҳаракат қилмайди. Муваффақиятли манипуляция учун ҳакерлар ихтиёрида инсон хатти-ҳаракатларига тақлид қилувчи 30 000 та ботни бошқарадиган тизим мавжуд. Кўпгина фейк аккаунтлар ҳақиқий одамларнинг маълумотлари, шу жумладан банк ҳисоблари билан боғланган.

Мавзуга оид