Жаҳон | 14:59 / 18.02.2023
10643
3 дақиқада ўқилади

Бербок Германия ҳамкорларини Киевга Leopard танклари етказиб беришга чақирди

Украинага Leopard жанговар танкларини етказиб беришда Германиядан ташқари бошқа давлатлар ҳам иштирок этиши керак, «бу ҳақиқатан ҳам инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», деди Германия ташқи ишлар вазири.

Фото: AFP

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок иттифоқчиларни Германияга эргашишга ва Украинани Leopard асосий жанговар танклари билан таъминлашга чақирди. «Биз Украина ўзини ҳимоя қилиши ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, шунинг учун етказиб бериладиган моделга ўхшаши бор бошқа ҳамкор давлатларни бундай танклар билан таъминлашга қатъий чақирамиз», деди Бербок жума, 17 февраль куни Германиянинг Bayerischer Rundfunk оммавий медиа компаниясига берган интервьюсида.

Германия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, айрим давлатлар аллақачон Украинага Leopard танкларини етказиб беришни ваъда қилган. «Аммо бизга бунда иштирок этадиган бошқа давлатлар ҳам керак, бу ҳақиқатан ҳам инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», деди Бербок.

Германия канцлери Олаф Шольц иккиланишлардан сўнг 25 январь куни ўз мамлакатининг Украинага Бундесвер захираларидан 14 та Leopard 2 А6 танкини юбориш ниятини расман тасдиқлади. Берлин, шунингдек, бошқа давлатларга танкларни Украина Қуролли кучларига реэкспорт қилишга рухсат берди.

Шольцнинг сўзларига кўра, вазифа Украина учун зудлик билан иккита танк батальонини йиғишдир, бу немис ҳарбий талқинига кўра, 90 га яқин жанговар техникани, Украинада эса - 60 тани ташкил этади. Кейинчалик Германия ҳукумати «батальон» танкларни етказиб берадиган мамлакат мезонларидан келиб чиқиб ҳисобланишига аниқлик киритди. 

Германия мудофаа вазири Борис Писториус шу ҳафта бошида Ғарб давлатлари Украина Қуролли кучларига ҳозирча фақат ярим батальон Leopard 2 А6'ни жўнатиши мумкинлигини айтди. У Германия ҳукумати ваъда қилган 14 та танк ва Португалиядан учта танкни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Полша Украинага битта Leopard 2 А4 батальонини юборади.

Швеция расмийлари ҳали ҳам Киевга Leopard танкларини етказиб бера оладими ёки йўқми ва қанча ҳажмда тақдим эта олади, шу масалани текшириш билан банд. Нидерландия, Писториуснинг сўзларига кўра, фақат танклар учун ўқ-дорилар етказиб беришда иштирок этади, Дания эса фақат ўз иштироки вариантларини кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид