Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфида 118 та кон мавжуд бўлиб, шундан 85 та кондан табиий газ қазиб олинмоқда. Қолган 33 та конларда геология-қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу конларнинг табиий газ захираси республика умумий газ захирасининг 49 фоизи, яъни 1 трлн куб метрга яқин. Углеводородларни қазиб олишда жами 1 450 та қудуқлардан фойдаланилмоқда ва буларнинг барчаси, тўлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишлидир. 

Сўнгги йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг табиий газга нисбатан эҳтиёжини қондириш мақсадида Устюрт, Бухоро-Хива, Ҳисор ва Фарғона регионларида захираларни кўпайтириш ҳамда янги конларни очишга қаратилган геология-қидирув ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Жамият томонидан нефть ва газ геология-қидирув ишларини сифатли ва тезкор амалга ошириш мақсадида замонавий ускуналарга эга маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда Устюрт, Бухоро-Хива регионларининг катта чуқурликдаги майдонларида бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖга Тоғ кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тайёрланган 20 та янги майдонлар тақдим этилиб, уларда янги қудуқларни бурғилаш ишлари олиб бориш режалаштирилмоқда.

2020-2022 йилларда республика ҳудудида 4 000 км2 3Д қидирув ишлари бажарилди, 42 та янги майдонлар бурғилашга жалб этилди, 116 та янги қудуқ бурғиланди ва натижада 12 та янги табиий газ конларини очиш билан бир қаторда, 90 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 3,8 млн тонна суюқ углеводород захираларини кўпайтиришга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилда “Янги Олот”, “Янги Тегирмон” ва “Ниёз” каби конларнинг очилиши билан ҳозирда геология-қидирув ишларининг асосий тадбирлари “Тегирмон” конлари гуруҳи ҳамда “Ниёз” газконденсат конига қаратилган. “Янги Олот” ва “Ниёз” конларининг ҳар бирида 2 тадан янги қудуқларни бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қазиб чиқариш тадбирлар доирасида 2022 йилда 32,2 млрд куб метр табиий газ, 100,2 минг тонна нефть ва 1 428,3 минг тонна газ конденсати маҳсулотлари қазиб олинди, 697,8 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди ҳамда газни қайта ишлаш заводларида табиий газни қайта ишлаш орқали 236,5 минг тонна олтингугурт 127,4 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқаришга эришилди.

Нефть маҳсулотларини Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қайта ишлаш орқали қарийб 1 млн тонна бензин, 331 минг тонна дизел ёқилғиси, 141 минг тонна авиакеросин ишлаб чиқарилди. Шунингдек газни ўта чуқур қайта ишлаш натижасида юқори технологияларни жамлаб олган “GTL” заводида 140 минг тонна дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришга эришилди.