«Биз шунчаки камситилган одамлармиз, ҳукумат бизни масхара қилмоқда. Бу ерда тўрт-беш нафар фарзанди бор, том маънода ейдиган ҳеч нарсаси йўқ инсонлар бор», деган молдовалик Алла исмли аёл.
Молдова президентининг сўзларига кўра, унинг мамлакатида одамлар ҳозирда оилавий даромадининг 70 фоиздан ортиқ қисмини электр энергияси тўловларига сарфлайди.
Алла нафақасининг ярмини электр энергияси учун тўлашини айтган.
«Ҳозирги ҳукуматни сайлаганимизда, улар бизга маош ва пенсияларни оширишга ваъда беришганди, аммо ҳозирча биз бир тийин ҳам кўрмадик», дея қўшимча қилган Алла.
19 февралда Кишинёвда бўлиб ўтган норозилик намойишларини россияпараст «Шор» партияси уюштирган. Маълум қилинишича, айнан шу партия норозилик намойиши қатнашчилари мамлакатнинг турли бурчакларидан келиши учун автобусларга пул тўлаган.
«Шор» партияси томонидан уюштирилувчи норозилик митинглари Кишинёвда сентябр ойи ўрталаридан бери ҳар якшанба кунлари ўтказилмоқда. Бироқ, сўнгги намойиш, айниқса, чет эллик кузатувчилар диққатини тортди.
Ушбу намойишдан бир неча кун олдин Молдова президенти Майя Санду Россия унинг мамлакатида ғарбпараст ҳукуматни ағдариб, россияпараст режим ўрнатиш мақсадида исён тайёрлаётганини айтди. Молдова разведкаси хабарига кўра, бу режани ўзини тинч аҳоли вакиллари сифатида кўрсатувчи мамлакатга юборилган ҳарбий тажрибага эга бўлган шахслар амалга ошириши керак эди.
Молдова президенти Россияни давлат тўнтаришига уринишда айблади
Россия бу айбловларни Молдова ҳукуматининг жамоатчиликни иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги муваффақиятсизликларидан чалғитишга уриниши деб атади.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг қўшни Молдова жуда қийин аҳволга тушиб қолди.
Биринчидан, унинг ҳудудида россияпараст кайфиятдаги, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Днестрбўйи квазидавлати мавжуд. Иккинчидан, Молдова Россия газига жуда қарам. Октябр ойи бошидан бери Москва Молдовага юборилувчи газ таъминотини икки бараварга қисқартирди, бу эса румин ва русийзабон аҳоли ўртасидаги қарама-қаршиликлардан қочишга уринаётган Кишинёв учун муаммоларни яна биттага кўпайтирди.
Мамлакатда газ ва электр нархи ошишига қарши намойишлар 2022 йил кузида бошланган.


















