Еврокомиссия вице-президентининг ёзишича, 24 феврал санаси Россиянинг Украинага шафқатсиз, асоссиз ва ноқонуний бостириб кириши бошлаган кун сифатида абадий эсда қолади. Шунингдек, Боррел бу тажовуз БМТ низомини очиқдан очиқ бузиш ҳодисаси эканини таъкидлаган.

«Бу уруш «шунчаки Европа муаммоси» ёки «Ғарб ва қолганларга қарши» бўлиши ҳақида эмас. Бу – биз ҳаммамиз яшашни хоҳлайдиган дунё ҳақида: ядровий қуролга эга давлат ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси томонидан ноқонуний куч ишлатилиши қандайдир тарзда «нормаллаштирилган» дунёда ҳеч ким хавфсиз эмаслигини англатади. Шунинг учун ҳам барчани ҳокимият сиёсати, шантаж ва ҳарбий ҳужумдан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳуқуқ ҳамма жойда татбиқ этилиши керак», дейди у.

Бир йил ўтгач, одамлар кўрган кўп сонли уруш жиноятлари ва ваҳшийлик тасвирларига одатланиб қолиши ёки сўзларнинг аҳамияти тушиб, инсонлар чарчаши мумкин. Лекин бунга йўл қўйиб бўлмайди.

«Бунга биз йўл қўя олмаймиз. Чунки Россия ҳар куни БМТ низомини бузиб, империалистик сиёсати билан бутун дунё учун хавфли прецедент яратмоқда. Россия ҳар куни бегуноҳ украиналик аёллар, эркаклар ва болаларни ўлдиришда давом этмоқда, шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасига ўз ракеталарини ёғдирмоқда. Россия ҳар куни ёлғон ва уйдирмаларни тарқатишда давом этмоқда».

Европа Иттифоқида урушга қарши туришда «уч қисмдан иборат стратегия» йўналишидан бошқа илож йўқ. Булар:

  • Украинани қўллаб-қувватлаш;
  • Россияга унинг ноқонуний тажовузкорлигини тўхтатиш учун босим ўтказиш;
  • Дунёнинг қолган қисми уруш оқибатларига бардош беришга кўмаклашиш.

«Биз бир йилдан бери шундай қиляпмиз ва бу фаолиятимиз муваффақиятли давом этмоқда. Мисли кўрилмаган санкцияларни қабул қилдик; Россияда қазиб олинадиган ёнилғига бўлган қарамлигимизни тўхтатдик; ва асосий шериклар билан яқин ҳамкорликда Кремль ўз агрессиясини молиялаш учун оладиган энергия даромадларини 50 фоизга қисқартирдик. Биргаликда ишлаган ҳолда, биз озиқ-овқат ва энергия нархлари пасайиши билан глобал тўлқин таъсирини қисман бирдамлик йўлакларимиз ва Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли енгиллаштирдик», дейди Боррел.

Европа ташқи сиёсат раҳбарига кўра, «Украина ўзини ҳимоя қила олишини хоҳлаймиз», дейишнинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун Украинага воситалар – қуроллар берилмоқда. Бундан ташқари, Боррел Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилинганини таъкидлаган.

«Европа Иттифоқи биринчи марта ҳужумга учраган давлатга қурол етказиб берди. Ҳақиқатан ҳам, Европа Иттифоқи ҳозирда украиналик ҳарбийлар ўз давлатларини ҳимоя қилишлари учун ҳарбий тайёргарлик бўйича етакчи таъминотчи ҳисобланади. Шунингдек, биз Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун муҳим макромолиявий ва инсонпарварлик ёрдами таклиф қилмоқдамиз. Биз Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилдик. Ниҳоят, биз Россия содир этган ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш устида ишлаяпмиз.