Ўзбекистон | 18:56 / 28.02.2023
18865
2 дақиқада ўқилади

“Тоҳир” боғи бузилмайди. Тошкент прокурори Ортиқхўжаевнинг қарорини бекор қилдирди

Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласи ҳудудида жойлашган, минглаб дарахтлари бўлган боғ сақлаб қолинадиган бўлди. Боғнинг 40 сотих майдони собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан офис бинолари қурилиши учун тадбиркорга ажратиб берилганди.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz олдинроқ аҳоли тилида “Тоҳир” номи билан аталадиган боғга “ҳужум” бошлангани, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан боғ ўрнида офис бинолари қурилиши кутилаётгани ҳақида ёзганди. Маҳаллий аҳоли қарийб 40 йиллик тарихга эга, 1 500 тупга яқин манзарали ва мевали дарахтлар бўлган боғ бузилишига қарши бўлган.

Kun.uz суриштирувидан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолинишини маълум қилди. Аммо ҳокимликнинг бу муносабати етарли эмаслиги, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши кераклиги ҳақида ёзгандик. Сабаби ер майдонига бўлган эгалик ҳуқуқи ҳамон тадбиркорга тегишли, ҳокимлик таъкидлаганидек, ҳудудни жамоат боғи сифатида сақлаб қолиш учун юридик асос йўқ эди.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz'га маълум қилишича, 2022 йилнинг 22 декабр куни Тошкент туманлараро маъмурий судига пойтахт ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги 240-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан ариза киритилган.

Тошкент шаҳар суди Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, прокуратуранинг аризаси Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан қаноатлантирилиб, ҳокимнинг қарори бекор қилинган.

Мавзуга оид