Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов президент мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаётгани, лекин ундан эркин матбуотни ёпишни сўровчилар борлиги ҳақида сўз юритди.

Президент Мирзиёев яқинда Қашқадарёга қилган сафарида, баъзи давлат мулозимлари “мустақил ОАВ ёпишни” сўраганини билдирди.

“Ёпиқ давлат бўлиб, ОАВни қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга бундай ишлаш қийинроқ. Ҳамма айтади, э, ёпиб қўй, дейди. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ, текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?” – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги Конституциявий қадрият ва талаб эканини қўя турайлик. Яъни кимки сўз ва фикр эркинлигига қарши чиқса, аслида Конституциявий тизимга қарши чиққан бўлади. Чунки Ўзбекистон Конституциясига кўра, сўз ва фикр эркинлиги – олий қадриятлардан, бу ҳар бир шахснинг ҳуқуқи, уни поймол этиш эса – ноқонуний иш.

Ҳозир масаланинг бошқа томонини таҳлил қилмоқчиман. Яъни, “Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўлиқ йўқ қилинса, мустақил ишлаб турган ОАВга босим бўлиб, улар мустақил ва эркин ишлаш имкониятидан маҳрум бўлса, бунинг оқибати давлат учун, ҳокимият учун, ҳукумат учун, президент учун қандай бўлади?” деган саволга жавоб изламоқчиман. Бу саволга жавоб топиш қийин эмас. Бу саволнинг жавоби яқин тарихимиздан, ҳеч ким инкор қилиб бўлмас даражада, очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Биринчидан, Ўзбекистонга дахлдор ахборот ва фикрлар ташаббуси, яна Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетади. Инсоният глобаллашувда яшамоқда. Бундан кейин, ахборот билан инсон ўртасида фақатгина унинг иродаси тўсиқ бўлиши мумкин. Ахборот инсоннинг бармоғи учида туради. Бундан кейин ахборот дефицит бўлмайди, танқис бўлмайди.

Аксинча, инсонларнинг, жамиятнинг диққат-эътибори танқис бўлади. Ахборот кўп бўлади. Ахборотлар ўртасида мислсиз рақобат бўлади. Бу ахборотлар, одамларнинг, жамиятларнинг эътибори, онги, шуури учун курашади.

Лекин, агар Ўзбекистонда тўлиқ цензура ўрнатилса, Ўзбекистон мана шу рақобатли майдондан, ўз хоҳишига кўра, чиқиб кетган бўлади. Ташаббусни тўлалигича хорижий ОАВ қўлга олади.

Маълумки, ташқи дунёда ишлаб чиқилаётган ахборотлар оқимига Ўзбекистон давлатчилиги таъсир қила олмайди.