Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Ҳужжат лойиҳаси устида парламент қуйи палатасининг тегишли қўмиталари иш олиб боряпти.

24 феврал куни қўмиталарнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилиб, бош қомусга киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Аъзамова ислоҳотлар доирасида амалдаги конституциянинг 19-моддасига киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

— Амалдаги модда ва уни ўзгартириш эҳтиёжи нималардан иборат?

— Конституциянинг 19-моддасида Ўзбекистон фуқаролари давлат билан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар асносида муносабатга киришиши тўғрисида гап боради. Лекин йиллар давомида мана шу ҳуқуқ ва мажбуриятлар фуқаролар ёки давлат томонидан бузилаётгани, зиддиятга учраётганини кўриш мумкин. Дейлик, маҳаллий ҳокимиятга бўлган мурожаатларда фуқаролар ўз муаммосини айтади, раҳбар эса инобатга оламиз дейди ёки мутасадди ташкилот раҳбарига назоратга олишни айтади. Бу ҳолатда фуқаро ўзининг мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланади, давлат органи ҳам ўз ҳуқуқидан фойдаланиб жавоб беради. Лекин ҳолатни таҳлил қилсак, ўз натижасига эришмайди, яъни фуқаро фақат ваъда олади.

Ҳар бир фуқаронинг ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Лекин ҳозирги кунда муаммолар кўпайиб бораётгани, амалий ишдан кўра ваъдалар кўпайгани ва бунинг натижасида одамларда давлат органларига нисбатан ишончсизлик туғилаётгани ҳам мана шу моддани янада такомиллаштириш, аниқ йўналишларни кўрсатиш эҳтиёжини пайдо қилади. Ҳозирги қонун лойиҳасида давлат ва фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ўзаро муносабатлар қандай тамойиллар асосида ишлаши кераклиги аниқ кўрсатилмоқда.

— Моддага айнан қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти? Улар нималарни кўзда тутади?

— Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.