Жаҳон | 16:17 / 02.03.2023
8113
2 дақиқада ўқилади

Бербок: Россия Украинага қарши урушни зудлик билан тўхтатиши керак

Нью-Деҳлидаги G20 йиғилишида Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавровнинг шахсан ўзига урушни тугатиш талаби билан мурожаат қилди. У G20’нинг 19 та давлати урушни тугатиш тарафдори эканидан мамнунлигини билдирди. 

Фото: Reuters

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россияни Украинага қарши босқинчилик урушини тўхтатишга чақирди. «Бу урушни тўхтатинг. Халқаро тартибимизни бузишни бас қилинг. Украина шаҳарлари ва тинч аҳолини бомбардимон қилишни бас қилинг», - деди у Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга 2 март, пайшанба куни Нью-Деҳлидаги G20 конференциясида шахсан мурожаат қилиб

«Бу залда тинглаш учун келганингиз яхши. Бу урушни тўхтатинг. Бир ой ёки бир йилдан кейин эмас, бугун. Отасидан, укасидан, онасидан ёки боласидан айрилган ҳар бир оила бутун дунёдан айрилади. Кучлилар кичик қўшнига ҳужум қилиш ҳуқуқига эга эмас», деди Бербок. Ўтган йили Лавров танқидларни эшитмаслик учун G20 йиғилишини ўз нутқидан сўнг дарҳол тарк этган эди.

«Шубҳасиз, ҳатто Россия томони ҳам Россия бу урушни бошламаган деган ёлғон даъволар ишонарли эмаслигини ва бирор жойга бориб, ёлғон гаплар тарқатиб, кейин дарҳол чиқиб кетишни яхши стратегия деб бўлмаслигини тушуниб етди», — деди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. 

Анналена Бербокнинг қайд этишича, G20 давлатлари орасида Украинадаги уруш ҳақида турлича фикрлар мавжуд. «Бироқ, бизни бирлаштирадиган нарса бу дунёда Россия уруши ижобий оқибатларга олиб келадиган бирон нарса йўқлигини тан олишдир», дея қўшимча қилди у ва Россиянинг ўзи урушдан азият чекаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундан минглаб одамларнинг Россияни тарк этиши ва мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари гувоҳлик беради. 

«Мана, G20 столида 19 давлат бу урушни тўхтатиш кераклигини очиқ айтди. Уларнинг барчаси охир-оқибат тинчликни хоҳлашларини айтди», деди Бербок. 

Мавзуга оид