Жаҳон | 08:09 / 03.03.2023
8257
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳалари туфайли тўқнашувлар юз берди

Грузия парламент қўмиталари «хорижий агентлар» ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳаларини маъқуллади. Мухолифат парламент биноси олдида норозилик намойиши ўтказди, унинг иштирокчилари полиция билан тўқнашди. Бир неча киши ҳибсга олинган.

Фото: RFE / RL

2 март, пайшанба куни Грузия парламентининг ташқи алоқалар ҳамда мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмиталари «хорижий агентлар» тўғрисидаги иккита – «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги ва «Чет эл агентларини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда маъқуллади. Шу куни мухолифатдаги сиёсатчилар ва ижтимоий фаоллар бир неча юз киши тўпланган парламент биноси олдида норозилик акцияси ўтказди. Бир неча намойишчи ҳибсга олинган, деб хабар беради «Грузия Online».

Нашрнинг ёзишича, парламент хавфсизлик хизмати журналистлар ва жамоат ташкилотлари вакилларини қонун лойиҳаси муҳокамасига қўймаган. Бир неча мухолифатчи сиёсатчилар мажлис залидан мажбуран олиб чиқилди. Бунга жавобан бино ташқарисида ҳам, ичкарида ҳам намойишчилар: «Уят! Сотқин! Россия қонунига -йўқ!» дея қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳар бир депутатга мурожаат қилган.

Намойишчиларнинг бир қисми парламент қўриқчилари ва полиция ходимлари билан тўқнашгани ҳам хабар қилинмоқда. Ҳибсга олишлар намойишчилар қонун лойиҳалари муаллифлари учун «уят йўлаги» қурмоқчи бўлган пайтда бошланган. Шундан сўнг намойишчилар ҳибсга олинганлардан бири бўлган патруль полицияси машинасини парламент биносидан узоқлашишига йўл қўймади.

Баҳсли қонун лойиҳалари Грузия парламентига «Халқ кучи» жамоат ҳаракати томонидан киритилган. У мамлакатда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлди ва мақсадларидан бири сифатида «либерал мафкура тарғиботи» ва «Ғарбнинг Грузияни урушга тортиш истаги»га қарши курашни белгилади. Қонун лойиҳаларини «Халқ кучи» билан биргаликда парламентдаги ўринларнинг мутлақ кўпчилигига эга бўлган «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид