Жаҳон | 16:23 / 04.03.2023
10153
2 дақиқада ўқилади

НАТО қўмондони: Россия 200 мингдан ортиқ аскарини йўқотиб бўлган

Фото: РИА Новости

Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россия 2000 дан ортиқ йирик жанговар танкларини йўқотди, уруш давомида 200 мингдан ортиқ рус аскари ва 1800 дан ортиқ зобити ҳалок бўлди ёки яраланди, деб маълум қилди НАТОнинг Европадаги бирлашган кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи.

Россия армияси кунига ўртача 23 мингдан ортиқ артиллерия снарядларини отяпти, дея Каволининг Ҳамбург шаҳар ҳокимиятидаги анъанавий тантанали кечада (Matthiae-Mahl) айтган сўзларидан иқтибос келтирмоқда dpa агентлиги.

Бундан олдин НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россияга рухсат этилган чегараларни бир марта ва охиригача кўрсатиб қўйишга чақирганди. 

«Биз Россияга Европа хавфсизлигига путур етказишда давом этишига йўл қўя олмаймиз. НАТО Россиянинг агрессиясини бузиши ва тарих такрорланмаслигини таъминлаши керак», деди у 22 февраль куни Варшавада НАТОнинг Шарқий Европа саммитида.

Столтенберг Украинага қарши уруш бошланишидан олдин ҳам Россия 2008 йилда Грузияга ҳужум қилгани, 2014 йилда эса Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилиб, Донбасс сепаратистларини қўллаб-қувватлай бошлаганини эслатди.

«Биз Россиянинг кўп йиллардаги энг тажовузкор хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги бошланганидан бир йил ўтиб, Россия президенти Владимир Путин тинчликка тайёргарлик кўраётганидан дарак йўқ», - деди Столтенберг.

Мавзуга оид