Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг саммитида иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, давлат раҳбари ўз нутқида таъкидлаган 2030 йилгача табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича глобал платформа – Сендай ҳадли дастури асосида Қўшилмаслик ҳаракати иштирокчилари фаолиятини кучайтириш зарурлиги бўйича ташаббус жуда муҳим аҳамиятга эга.
Президент даражасида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Зеро, ҳозирги вақтда фавқулодда вазият ва табиий офат хавфи, бундай салбий ҳолатлардан кўрилаётган иқтисодий зарар кўлами ошиб бориши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасига хос хусусиятдир.
Юқори хавф, биринчи навбатда, Марказий Осиёда ўртача ҳароратнинг кўтарилиш суръати жаҳон кўрсаткичидан ошиб кетиши билан боғлиқ. 1900 йилдан буён Eр юзида ўртача ҳарорат 1,1°С га ошган, минтақамизда эса ўртача йиллик ҳарорат 1,6°С ёки 13,2°С дан 14,8°С га кўтарилган. Шу билан бирга, тахминларга кўра, 2050 йилга келиб ҳаво ҳарорати яна 1,5°-3°С’га ошиши мумкин.
Орол денгизи ҳалокати туфайли содир бўлаётган иқлим ўзгариши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар кучлироқ бўлиб, сўнгги 50-60 йил ичида минтақадаги музлик майдони, қарийб, 30 фоиз қисқаришига олиб келди. 2050 йилга келиб музлик сатҳи яна 45-60 фоиз қисқариши кутилмоқда. Бу баҳорги оқим кўпайиши, ёзги оқим тубдан пасайишига сабаб бўлади.
Ушбу ҳолатлар истиқболда экстремал об-ҳаво ҳодисалари – эрта баҳорда тоғ кўллари тошиши, сув тошқини, сел, кўчки, шунингдек, ёзги вегетация даврида қурғоқчилик, ўрмон ёнғини, чанг-туз бўронлари тез-тез юз беришига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга Марказий Осиё минтақасида табиий офатдан йиллик йўқотиш 10 миллиард долларга етиб, иқтисодий ўсишни 1-2 фоиз чеклаб қўйган.
Иқлим ўзгаришига қарши чора кўрилмаса, Марказий Осиё мамлакатлари сув танқислигига, қурғоқчилик, сел, қум бўрони ҳолатлари кўпайишига дуч келади. Оқибатда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида беқарорлик юзага келади, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлади.

Бундай шароитда Ўзбекистон раҳбари томонидан Сендай ҳадли дастури Глобал платформаси асосида фаолиятни кучайтириш бўйича илгари сурилган таклифлар жуда муҳим аҳамият касб этади. Тез ўзгарувчан иқлим шароитида офат хавфини камайтириш масаласини ҳал қилиш келажакдаги таҳдид ва хавфни, мониторингнинг янги усуллари ишлаб чиқилишини ҳисобга олган ҳолда, комплекс хусусиятга эга бўлиши лозим.
















