09:18 / 06.03.2023
5051

Афина: темирйўл ҳалокатидан норозиликлар тўқнашувларга айланиб кетди

Парламент биноси олдида 12 мингга яқин одам тўпланган. Баъзилар чиқинди қутиларига ўт қўйиб, Молотов коктейли улоқтиришди, полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталари билан жавоб берди.

Фото: Reuters

5 март, якшанба куни Афинада Греция парламенти олдида мамлакатдаги жиддий темирйўл ҳалокати билан боғлиқ норозилик намойишида иштирок этганлар ва полиция ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Айрим намойишчилар чиқинди қутиларига ўт қўйиб, Молотов коктейлларини улоқтирган, полиция уларга кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталари билан жавоб қайтарган, деб хабар беради AFP.

Парламент биноси олдида 12 мингга яқин одам тўпланган, дейилади полиция маълумотида. Улар Лариса шаҳри яқинидаги бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганлар хотирасига юзлаб қора шарларни осмонга учирдилар.

Аввалроқ Греция бош вазири Кириакос Мицотакис ҳалокат қурбонларининг яқинларидан кечирим сўраган эди. «2023 йилда Грецияда иккита поезднинг бир йўлда бир-бирига қараб ҳаракатланиши ва ҳеч ким буни сезмаслигини қабул қилиб бўлмайди», деди ҳукумат раҳбари Facebook'да халққа мурожаатида.

28 февраль куни ярим тунда Лариса шаҳри яқинида Афина ва Салоники порт шаҳри ўртасидаги йўналишда йўловчи ва юк поездларининг тўқнашуви содир бўлди. Hellenic Train операторига кўра, йўловчи поездида камида 350 киши бўлган. 57 киши ҳалок бўлди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик темирйўл ҳалокатига айланди ва кенг кўламли норозиликларни келтириб чиқарди. Минглаб одамлар ҳукуматнинг Греция темирйўл тармоғини модернизация қилмаганини қоралади.

Top