Жаҳон | 16:54 / 06.03.2023
8483
3 дақиқада ўқилади

«ФСБ» миллиардер Малофеевга суиқасднинг олдини олганини маълум қилди

Москва 2014 йилдан бери Европа ва Америка санкциялари остида бўлган, «Царьград» канали асосчиси Константин Малофеевга суиқасднинг олди олингани ҳақида хабар берди. 

Фото: РИА Новости

Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») россиялик тадбиркор, «Царьград» канали асосчиси Константин Малофеевга суиқасднинг олди олингани ҳақида хабар берди. Малофеев бир қатор рус ультраватанпарвар ва православ оммавий ахборот воситалари билан алоқадор. Муваффақиятсиз суиқасдни Украина томонида жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» (РКК) асосчиси Денис Капустин уюштиргани айтилмоқда. Бу ҳақда 6 март, душанба куни «ФСБ» жамоатчилик билан алоқалар маркази маълум қилди

Россия махсус хизмати, шунингдек, Капустин Украинада яшаб, Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») назорати остида иш олиб боришини даъво қилмоқда. Далил сифатида «ФСБ» Малофеевнинг машинаси остига портловчи модда ўрнатилгани ҳақидаги видеони, шунингдек, уни олиб ташлаш видеосини тарқатган. Идора террорчилик ҳаракати, террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш ва портловчи моддаларнинг ноқонуний савдоси моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, «ФСБ» Капустин ва унинг ташкилотини 2 март куни Украина билан чегарага яқин жойлашган Брянск вилоятидаги қишлоқларга ҳужум содир этганликда, шунингдек, 2022 йил август ойида Волгоград вилоятидаги нефть-газ иншоотида «диверсия ва террорчилик акти» уюштирганликда айблади.

Айни пайтда, Германиянинг Der Spiegel нашрига кўра, РКК раҳбари Денис Капустин Германияда яшаш учун рухсатномага эга. У оиласи билан 2001 йилда Германияга «яҳудийлар йўналиши» бўйича келган, доимий яшаш учун рухсат олган ва Германияда «Денис Никитин» номи билан MMA яккакураш тури соҳасидаги ўнг қанот экстремистик саҳна етакчи вакили сифатида танилган, деб ёзади ҳафталик 2019 йилда Шимолий Рейн - Вестфалия федерал ҳудуди расмийларининг махфий ҳужжатларига таяниб. 

Бизнесмен Константин Малофеев 2014 йилдан бери Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида. Айнан унинг тузилмаларида «Донецк халқ республикаси»нинг вакиллари - Игор Стрелков ва Александр Бородай ишлаган. 

Мавзуга оид