Жаҳон | 14:15 / 10.03.2023
4177
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунни расман қайтариб олди

Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши овоз берди.

Фото: AFP

10 март, жума куни Гуржистон парламенти ялпи мажлисда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши овоз берди ва шу билан уни расман қайтариб олди. Йиғилиш бир неча дақиқа давом этди, деб хабар беради «Интерфакс». 

7 ва 8 март кунлари Тбилисида минглаб одамлар «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши норозилик намойиши ўтказди, у полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувларга айланиб кетди.

Гуржистонда «чет эл агентлари» ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳаси қайтариб олинганига қарамай, ҳукуматга қарши намойишлар давом этяпти. 9 март, пайшанба куни минглаб одамлар яна Тбилиси марказида норозилик акциясига йиғилди. Намойишчилар Гуржистон, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини ушлаб туришган.

Мухолифат ўз тарафдорларини Гуржистон ғарбпараст йўл тутишига кафолат олмагунча намойишларни давом эттиришга чақирди. Аввалроқ Гуржистоннинг ҳукмрон партияси Россиядаги худди шундай қонунга ўхшаб кетадиган ва у ерда ўзгача фикрни бостириш учун қўлланадиган қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олган эди. Ҳужжатни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор зўравонлик ва ўнлаб мухолифат вакилларининг ҳибсга олиниши билан кечган оммавий норозилик намойишлари фонида қабул қилинган.

9 март куни Гуржистон Ички ишлар вазирлиги 7 ва 8 март кунлари «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши ўтказилган норозилик акцияларида маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинганларнинг барчаси озод этилганини маълум қилди.

Аввалроқ «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини кескин танқид қилган Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ушбу ҳужжатнинг парламентдан қайтарилишини намойишчиларнинг муваффақияти деб атади. «Мен ҳамжамиятни биринчи муваффақияти билан табрикламоқчиман. Ўзини эшитишга мажбурлаган одамлар билан фахрланаман», деди у расмий ташриф билан бўлиб турган Нью-Йорк шаҳридан йўллаган телемурожаатида.

Қонун лойиҳасига кўра, хорижий молиялаштириш улуши 20 фоиздан ортиқ бўлган барча ташкилотлар юқори жарима ёки қамоқ жазоси таҳдиди остида «чет эл агентлари»нинг махсус реестрида рўйхатдан ўтишлари керак эди.

Мавзуга оид