Жаҳон | 14:02 / 13.03.2023
5326
2 дақиқада ўқилади

Хитойда қурултой ЯИМ ўсишини 5 фоизга таъминлаш ҳақида қарор қабул қилди

АҚШ билан кескинлик кучайиши фонида Хитой мудофаа харажатларини 7,2 фоизга оширади. Шу билан бирга, Хитой Давлат кенгашининг янги Бош вазири Ли Цян АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини айтяпти.

Фото: VCG

Хитойда 13 март, душанба куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (БХВК) сессияси делегатлари ҳукуматнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотини беш фоизга ошириш ва мудофаа харажатларини кўпайтириш бўйича режаларини маъқуллади. АҚШ билан кескинлик кучайгани фонида Хитойнинг ҳарбий харажатлари умумий харажатлардан 7,2 фоизга оширилади. 

Шу билан бирга, Хитой Давлат кенгашининг янги Бош вазири Ли Цян АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди. «Тийиб туриш ва босим ҳеч кимга фойда келтирмайди. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирига жуда боғланган, Хитой ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ўтган йили янги рекорд даражадаги 760 миллиард долларга етди. Буларнинг барчаси Хитой ва Америка Қўшма Штатлари ўзаро ҳамкорлик қила олишидан далолат беради», деди Ли Цян. 

Хитой ҳукумати локдаунлар ва карантинлар билан коронавирусга қарши нол тоқат сиёсатини тугатгандан сўнг, Хитой иқтисодиётининг тикланишига умид қилмоқда. Конъюнктурани рағбатлантириш учун ўтган йилга нисбатан юқорироқ янги қарздорлик кўзда тутилган. Хитойда бюджет тақчиллиги ҳажми тахминан 3 фоизни ташкил қилиши керак (ўтган йили 2,8 фоиз). 

Ҳукуматнинг БХВК сессиясида қабул қилинган ҳисоботида ҳам жорий йилда 12 миллион янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган, бу ўтган йилга нисбатан бир миллионга кўпдир. Ҳукумат ишсизликни 5,5 фоиз, инфляцияни эса 3 фоиз даражада мақсад қилиб қўйган.

Ҳукуматнинг иш юзасидан ҳисоботи 2946 овоз билан қабул қилинди, бир делегат бетараф қолди, раҳбариятнинг ҳарбий дастури 2912 делегат томонидан маъқулланди, 30 нафари қарши чиқди, 20 нафар делегат бетараф қолди. 1954 йилдаги биринчи сессиядан бери БХВК делегатлари ХХР ҳукумати режаларини доим маъқуллаб келади. Барча энг муҳим қарорлар Коммунистик партия раҳбарияти томонидан тор доирада қабул қилинади. 

Мавзуга оид