Украина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, матбуотда Россия босқинига тайёргарлик барбод бўлишида гумондор сифатида кўрилган Иван Баканов ҳеч қандай жиноят иши фигуранти ҳисобланмайди. Бу Украина давлат тергов бюросининг BBC Ukraina нашри сўровига юборган жавобида қайд этилган.

Президент Володимир Зеленскийнинг болаликдаги дўсти экани айтилувчи Иван Баканов 2022 йил июл ойида Украина хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимидан четлаштирилган эди. Бўшатилишга расмий асос — хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлик моддаси.

Ўшандан бери Баканов жамоатчилик кўз ўнгидан ғойиб бўлди. На президент, на унинг ўрнини эгаллаган Василий Малюк Бакaнoвнинг истеъфосига изоҳ берди.

Кузатувчилар Баканов лавозимидан бўшатилишининг асл сабаби Украина хавфсизлик хизматининг Россия босқинини қайтаришга тайёргарлик кўришдаги муваффақиятсизлиги дея тахмин қилди. Ўтган ҳафта эса Украина матбуоти хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари ДТБ томонидан олиб борилаётган бир неча жиноий ишда фигурант экани ҳақида ёзди.

Жиноят иши йўқ

«Давлат тергов бюроси терговчилари томонидан Бакановнинг ноқонуний фаолияти текширилган жиноий иш юритилмаган, унга нисбатан гумон эълон қилинмаган, айблов хулосалари судга юборилмаган, хизмат текшируви материаллари Давлат тергов бюросига келиб тушмаган», дея хабар берган Украина давлат тергов бюроси BBC нашрига. ДТБ Украина ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, судьялар ва юқори мартабали давлат амалдорларига қарши ишларни кўриб чиқувчи ташкилот ҳисобланади.

Давлат тергов бюроси баёнотида қайд этилган ички хизмат текшируви Бакановга у истеъфога чиқиши биланоқ дарҳол тайинланганди. Хизмат текшируви якунлангани феврал ойи бошида маълум бўлди ва ҳужжатларда махфий материаллар мавжудлиги сабабли текширув натижалари эълон қилинмади.

BBC нашрининг Иван Бакановга яқин суҳбатдошининг айтишича, текширув УХХ собиқ раҳбарининг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлигини кўрсатган.

Баканов генераллари

Иван Бакановнинг фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қизиқишлари доирасига тушиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошлангандан сўнг дарҳол пайдо бўлганди.

Катта урушнинг дастлабки кунларидаёқ оммавий ахборот воситалари босқин бошланган пайтда Баканов мамлакат ташқарисида бўлгани ҳақида хабар берди. УХХ матбуот хизмати бу айбловларни рад этди. Аммо УХХ раҳбари қаерда экани ҳақидаги сўровлар фақатгина бир ойдан кейин, ижтимоий тармоқларда Бакановнинг Киев марказида тўппонча тақиб, камуфляж каска кийиб тушган сурати пайдо бўлгачгина бутунлай тугади. Ҳозирда BBC’нинг Бакановга яқин манбалари у ўтган йилнинг 24 февралидан бери мамлакатни тарк этмаганини айтмоқда.