Бош прокуратура фуқаролардан ўзлари яшаётган ҳудудда энергетика соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида  EnergonazoratBot орқали хабар йўллашни сўрамоқда.

“Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашда жамоатчилик назорати механизмлари йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Бош прокуратура жамоатчилик эътиборини яна бир бор энергия ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатнинг олдини олиш, айбдор шахсларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратади”, дейилади идора ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеороликда.

Фуқаролар энергетика соҳасидаги ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш, ноқонуний фойдаланилаётганини ўз вақтида аниқлашда фаол ҳамкорликка чақирилган.

Бунинг учун улар ўзлари яшаётган ҳудудда энергетика соҳасига оид бирор-бир қонунбузилишига гувоҳ бўлишса, бу ҳақда EnergonazoratBot орқали хабар беришлари талаб этилади.

“Бунинг учун қонунбузилиши ҳолатини суратга оласиз ва махсус Telegram ботга кириб, объект жойлашган ҳудудни ёзиб, юбориш тугмасини босасиз.

Махсус Telegram ботга келиб тушган ҳар қандай маълумот прокуратура органларида ташкил қилинган Ишчи гуруҳга автоматик тарзда келиб тушади. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир қонунбузилиш ҳолати ҳақидаги маълумот синчиклаб ўрганиб чиқилади ва натижаси бўйича қонуний чоралар кўрилади”, дейилади расмий хабарда.

EnergonazoratBot орқали шу тарзда хабар бериш мумкин Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 январида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон энергетика тизимидаги муаммоларга тизимсиз ишлаш, энергоресурсларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлаётгани, хусусан, ўтган бир ойда электрга 5 мингта, газга 4,5 мингта ноқонуний уланишлар аниқланганини танқид қилганди