Хитой раҳбарининг келаси ҳафта Москвага бориши ҳақида дастлаб Кремлда хабар қилинди ва кейин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланди. Россиянинг учрашув тўғрисидаги баёнотида музокаралар чоғида «ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик» масалалари муҳокама қилиниши айтилган.

«Си Жинпинг президент Путин билан икки томонлама муносабатлар, шунингдек, умумий хавотирли бўлган асосий халқаро ва минтақавий муаммолар (...) юзасидан кенг кўламли фикр алмашади ва икки томонлама муносабатлар ривожига янги турткини беради», деди Хитой ТИВ вакили Ван Вэнбин.

Хитой президенти Москвага Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери илк бор ташриф буюрмоқда, бироқ бўлажак учрашувнинг илк хабарларида на Москва, на Пекин муҳокама мавзуси уруш эканини тўғридан тўғри тилга олган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Украина ҳали ҳам суҳбат мавзуларидан бири бўлиб қолишини айтди.

«Албатта, Украинадаги можаро муҳокама қилинади. Биз Хитой раҳбариятининг бу борадаги вазмин, ўлчовли позициясини юқори баҳолаймиз, Хитойнинг келишув режасидан хабардормиз», деди Ушаков.

Путин ўтган йил охирида онлайн музокаралар чоғида Си Жинпингни Москвага таклиф қилганди. Аммо Хитой раҳбари ўз нутқида таклифга жавоб бермаган эди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Пекин Украинадаги уруш бўйича «холис ва адолатли» позицияга интилаётгани, шунингдек, Киев ва Москва ўртасида тинчлик музокараларини ўрнатишда конструктив рол ўйнашга тайёрлигини таъкидлаган эди.

Хитойнинг «тинчлик режаси». Ғарб бунга шубҳа билан қарайди

Россиянинг Украинага бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан Хитой Россия ва Украина ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тақдим этди. Режа 12 та, жумладан: «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш», «тўғридан тўғри мулоқотни тиклаш», «барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш», «бир томонлама санкцияларни тугатиш» каби бандлардан иборат.

Иштироксиз иштирок: Хитойнинг Украина бўйича тинчлик режаси ортида нималар турибди?

Ғарб давлатлари бу режага шубҳа билан қарамоқда ва Пекин одатда Кремл қарорлари ва позициясини қўллаб-қувватлашга мойил эканини таъкидламоқда.