Жаҳон | 10:13 / 18.03.2023
6414
3 дақиқада ўқилади

Жо Байден: Путин ҳарбий жиноятларни содир этгани аниқ

АҚШ президенти Путиннинг ҳарбий жиноятларда «аниқ» айбдор эканлигини ва Халқаро жиноий суднинг уни ҳибсга олиш ҳақидаги ордери асосли эканини айтди. Байденнинг қўшимча қилишича, Халқаро жиноий суд қарорлари АҚШ ҳудудида мажбурий эмас.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден 17 март, жума куни Владимир Путин «уруш жиноятларини аниқ содир этгани» ва Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилгани асосли эканини айтди. «Бироқ, муаммо шундаки, бу бутун дунёда, жумладан бизда ҳам тан олинмайди. Лекин менимча, бу жуда кучли баёнот», - дея Байденнинг сўзларини келтиради Reuters.

Халқаро жиноий суднинг қарорлари уни 1998 йилда ташкил этган халқаро шартнома - Рим статутини имзолаган давлатлар учун мажбурийдир. Гап 123 та давлат, жумладан Европанинг барча мамлакатлари, Жанубий Америка, шунингдек, Тожикистон, Жанубий Африка, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия ҳақида бормоқда. Бироқ, улар орасида Қўшма Штатлар ҳам, Россия ҳам йўқ.

АҚШ Миллий хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ўша куни кечқурун CNN телеканалида нутқ сўзлаб, Путин АҚШга келган тақдирда ХЖС ордери бўйича ҳибсга олинадими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Кирби Россия президентининг бундай ташрифини «эҳтимоли кам» деб ҳисоблашини айтди.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида 17 март, жума куни ХЖС сайтида хабар берилган. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда. Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади хабарда.

Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган. ХЖС қарорида айтилишича, Ҳаага суди «у юқоридаги жиноятлар учун шахсан жиноий жавобгарликка тортилиш учун етарли асосларга эга, чунки у бу қилмишларни бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ва/ёки бошқа шахслар орқали содир этган».

Халқаро жиноий суд қарори Брюссел ва Киевда олқишланди. Украина президенти Володимир Зеленский фуқароларга кечки видеомурожаатида Путиннинг ҳибсга олиниши ҳақидаги ордерни «тарихий қарор, бундан тарихий жавобгарлик бошланади» деб атади. Айни пайтда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия президенти у учун персона нон грата эмаслигини ва ҳалигача Путин билан муҳим масалаларни ҳал қилиш учун гаплашишга тайёрлигини айтди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ХЖС ордерининг чиқарилишини ғазаблантирувчи, қарорнинг ўзини эса аҳамиятсиз, деб атади.

Мавзуга оид