Украинага бостириб кирилгач, Россия махсус хизматлари Молдовани тўлиқ эгаллаб олиб, Днестрбўйида иккинчи фронтни очиш ҳақида жиддий ўйлаб қолишди. Тўғри, ҳозирча бу режадан воз кечиб туришга қарор қилинган.

Халқаро журналистлар гуруҳи қўлига Молдовани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бўйсундириш стратегияси тушиб қолди — уни Беларусни «ютиб юбориш» режасини тайёрлаган бошқарма тузиб чиққан. Молдова стратегияси қалтисроқ чиқиб қолган: Кремл бу давлат Руминия билан яқинлашишига халақит қилиб, унга имкон қадар рус тилини тиқиштиришга ҳаракат қилган.

«Досье» маркази журналистлари бу ҳужжатни ўрганиб чиқиб, суриштирувчи журналистлар Молдова бош вазири ва бошқа сиёсатчилар билан унинг мазмуни ҳақида суҳбатлашишган.

Рус айиғи

2023 йил 23 февралида — Украинада уруш бошлаганига бир йил тўлган куни Россия мудофаа вазирлиги икки марта Киев Днестрбўйига —Молдованинг Россия ҳарбий базаси жойлашган кремлпараст айирмачи ҳудудига бостириб кирмоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. Бу Молдова аҳолисини саросимага солди, чунки бир йилдирки уларга қўшни ҳудудда уруш бормоқда, мамлакат ҳудудига тасодифий ракеталар мунтазам тушиб турибди. Молдова мудофаа вазирлиги бу ахборотни «психологик хуруж» деб атади.

«Тарқатилаётган ёлғон ахборот Днестр дарёсининг ҳар икки соҳилида яшовчи аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима уйғотишга қаратилган», — дея баёнот берди идора.

Украинада уруш бошлангач, кўпчиликда Россия қўшинлари Молдовага ҳам бостириб кирадими, деган савол пайдо бўлди