17 март куни Самарқанд шаҳрида АҚШ Савдо вакили идораси (USTR) ва Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) Департаменти кўмагида ташкил қилинган АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича Ҳадли битим (TIFA) Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари делегациялари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ўз сўзида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, ишга солинмаган ресурс ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда биргаликда чора-тадбирлар кўриш, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштириш ва ягона мустақил арбитраж тизимини яратиш, ягона тўлов тизимига эга бўлган товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун минтақавий платформани яратиш, хатарларни прогнозлаш ва бошқариш мақсадида Дата-марказлар ҳамда экспорт ва импорт қилувчиларнинг базаларини яратиш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш таклиф этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлашнинг электрон тизимларини, CLDP тавсияларига асосланган божхона қоида ва тартиботларини жорий этиш, фитосанитария талабларини уйғунлаштириш, илғор тажриба алмашиш, минтақада хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича ташаббус билдирилди.
Ўз навбатида, АҚШ Савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Брендан Линч Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг динамикасини, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида сезиларли даражада яхшиланганини юқори баҳолади ва АҚШнинг минтақа мамлакатлари билан иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо, сармоявий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишда давом этишга содиқлигини таъкидлади.

















