“Каналлар шаҳри”, “Сузувчи шаҳар” каби номлар билан аталувчи Италиянинг гўзал шаҳри Венеция ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Италиянинг шимоли-шарқида жойлашган шаҳар 118 та кичик ороллардан ташкил топган ва каналлар билан ажратилган. Шаҳарни 400 дан ошиқ кўприклар боғлайди. Сув устида қурилган шаҳар туристлар учун доим қизиқ бўлган.

Алоҳида оролчалардан ташкил топган Венеция кўприклар билан яхлит ҳолатга келган ва сув транспорти орқали исталган манзилга бориш мумкин.

Бироқ Венециянинг ўзига хос манзараси жорий йил қиш фасли охирида хавфда қолди. Венециянинг машҳур каналлари қуриши кузатилган. Гап шундаки, Италияга қурғоқчилик хавф соляпти. Қиш ойларидаги ҳафталаб давом этган қорсиз об-ҳаво иқлимшунослар ва экологларни ташвишлантириб қўйган. Сабаби бу қишда Алп тоғларига одатдаги меъёрий қорнинг ярмидан камроғи тўпланган. Бу эса ўтган йилги ёзда кучли қурғоқчиликни кўрган олимларнинг жиддий хавотирига сабаб бўляпти.
Ўтган йили ёзда Италияда кузатилган кучли қурғоқчилик сабаб мамлакат шимолидаги 5 та штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.

Ўтган йилги қурғоқчилик фонида Венецияда ҳам сув камайиб кетиши кузатилган. Сув саёзлашиб кетгани сабаб шаҳарнинг бир қанча машҳур каналларида гондолалар, (сувда ҳаракатланадиган қайиқ тури) сув таксилари, “Тез ёрдам” хизмати ҳаракатланиши имконсиз бўлиб қолган.

Шаҳарнинг сувсизланишига қатор омиллар — ёмғир кам ёғаётгани, денгиз оқимлари кабилар сабаб бўлган деб ҳисобланяпти.
















